МЎЪЖИЗА

ФАРАНГ  ХОНИМНИНГ ШУКРОНАСИ

(Мағриблик бир аёлнинг ҳикояси)

Мағриблик бир аёл мутлақо тузалмас, даҳшатли бир касалликка мубтало бўлди. Табиблар «саратон» деб аталмиш бу дард давосига ожиз эдилар. Бечора аёлнинг яшашга ишончи қолмади. Бироқ шундай бир ҳолатда Аллоҳнинг марҳамати ила бу ожиза шифо топди. Байтул ҳарамда Яратганга чексиз илтижолар қилди, чин ихлос билан дардига шифо тилади. Аёлнинг муроди ҳосил бўлди. Зотан, ягона Аллоҳгина ҳар нарсага қодир Зотдир.

Азизим, келинг яхшиси воқеалар тафсилотини ўша ожизанинг ўзидан эшитайлик.

«Мен тўққиз йилдан бери жуда хатарли касаллик туфайли азобланар эдим. Бу мараз саратон касаллиги бўлиб, бунинг даҳшатли, ҳатто номининг ўзи шу қадар қўрқинчли эканини ҳар ким яхши билса керак.

Тўғриси, менинг Аллоҳга иймоним заиф эди, ғофил эдим. Мен инсон гўзаллиги, куч-қуввати ва сиҳат-саломатлиги бутун умр бўйи давом этади, деб гумон қилар, саратон касаллигидек даҳшатли дардга мубтало бўлишимни асло хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Бу дардга гирифтор бўлганимдан сўнг бутун аъзойи баданим, бутун вужудим ларзага тушди. Фақат ундан қутулишнинг йўлларини ўйлайдиган бўлиб қолдим. Аммо қандай қилиб, қай усул билан, деган жумбоқ мени гангитар эди. Мен қаерда бўлсам, касал ҳам мен билан бирга – бу аниқ. Баъзида ўзимга-ўзим суиқасд қилишни ҳам хаёлимдан ўтказар эдим. Бироқ куёвим ва фарзандларимни жуда яхши кўрганим учун бу ишга қўлим бормас эди. Ғофиллигим туфайли масаланинг Аллоҳга тааллуқли жиҳатини, яъни ўзини ўзи ўлдириш гуноҳлигини, бунинг учун Аллоҳ қиёмат кунида қаттиқ жазо беришини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, бу меҳрибон ва раҳмли Зот мени ўша касаллигим туфайли ҳидоятга бошлади ва мени кўрган жуда кўп кишилар ҳам ҳидоят топишди.

Дарднинг давосини излаб куёвим билан бирга Бельгияга бориб, бир неча шифокорга учрашдик. Улар кўкрагимни кесиб ташлаш лозимлигини айтишди. Соч, киприк ва қошларимни тўкиб юборадиган, тирноқ ва тишларимга ҳам зарар етказадиган ўта кучли дориларни таклиф қилишди. Мен бундай дориларни истеъмол қилишдан бош тортдим. Бундан кўра кўкрагим, сочим ва Аллоҳ таоло ато этган бошқа аъзоларимнинг бутунлигича ўлишни афзал кўрдим.

Бекордан-бекор қайтиб кетмаслик учун менга бирорта енгилроқ дори ёзиб беришларини сўрадим. Улар илтимосимни бажаришди. Уйга қайтгач дори-дармонлардан қабул қилишни бошладим, аммо уларнинг ижобий таъсири мутлақо сезилмади. Ўзимча бу ҳолатдан хурсанд бўлдим. Балки мен бу касалликка йўлиқмагандирман, эҳтимол, дўхтирлар адашгандир, деган умидли хаёлларга ҳам бордим. Аммо, бахтга қарши, касаллик хуружи тўхтамас эди. Тахминан, орадан етти ойлар ўтгач, вазним тобора камаяётганини ва ранги-рўйим ўзгараётганини сездим.

Мени текшириб кўрган врачлар яна Бельгияга боришни тавсия қилишди. Куёвим билан яна йўлга чиқдим. Касалликнинг зуғуми кучайиб, унинг заҳми бутун баданга тарқалаётганини, ҳатто ўпкада ҳам касаллик аломатлари борлигини эшитиб, чуқур қайғуга ботдим. Шифокорлар менинг Бельгияда ўлиб қолишимдан хавотирланиб, тезроқ уйга кетишим лозимлигини айтишди. Махфий равишда хўжайинимга тайинланган бу сирдан мен кейинчалик воқиф бўлдим.

Бу гапларни эшитган эрим қаттиқ безовта бўлади. Шу сабаб уйга қайтмасдан, шифо ниятида Францияга ўтиб кетдик. Аммо у масканда ҳам дарднинг давосини топа олмай сарсон-саргардон бўлдик.

Охири мен ўзимни жарроҳларга топширишга, яъни кўкрагимни кесиб ташлашларига розилик билдирмоқчи бўлдим.

Шундай кунларнинг бирида турмуш ўртоғим биз унутган ва ҳаётимиз мобайнида ғофил бўлганимиз улуғ Яратувчини кутилмаганда эслаб қолди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло муқаддас Байтуллоҳни зиёрат қилиш, у ерда ёлғиз ўзигагина юзланиб, барча мусибатлардан халос бўлишимизни илтижо қилиб сўрашни куёвим дилига солгани аниқ эди. Биз шу ишни бажаришга қарор қилдик.

Такбир ва тасбеҳ айтиб Париждан йўлга чиқдик. Мени қандайдир хушнудлик қамраб олган эди. Аллоҳнинг муқаддас даргоҳини зиёрат қилишга биринчи бор чиқишим – хуш кайфиятга шу сабаб бўлса ажаб эмас.

Хўжайиним билан Парижда Қуръони Карим харид қилдик ва тўғри Маккаи Мукаррама зиёратига қараб жўнадик.

Байтул ҳарамга етиб келдик. Ичкари кириб, Каъбани кўргач, мен ўзимни тутолмай йиғлаб юбордим. Аллоҳ фарз қилган ибодатларни, намоз, рўза, хушуъ, тазарру каби амалларни бажармай ўтказган умримга ачиниб кўп афсус-надомат чекдим. Сўнгра Аллоҳга илтижо қилиб: «Эй пок Парвадигор, менинг қаршимдаги барча эшик ёпилди. Фақат энг сўнгги илинж ва умид таянчи бўлмиш эшикларингни менинг қаршимда ёпиб қўйма. Ўзинг раҳм қил! Табиблар мени даволашдан ожиз қолишди. Энди шифо Сендан ва фақат Сендандир», дедим. Сўнгра Байтуллоҳни тавоф қилдим, ноумид қилмаслиги ва ёрдамсиз қўймаслигини ҳамда табиблар жамоасини лол қолдириб, менга шифо беришни ялиниб-ёлвориб чин кўнгилдан сўрадим.

Юқорида айтиб ўтганимдек, мен ғафлатда эдим, Аллоҳнинг энг тўғри ва ҳақ динидан бехабар, бебаҳра эдим.

Байтуллоҳга келган кунларда озғин эдим. Танамнинг юқори қисмида саратон билан оғриганимни билдирувчи кичкина юмалоқ томчилар ва яра-чақалар бор эди. Атрофимдаги дугоналарим менга ўша жойларни замзам суви билан ювишни маслаҳат беришди. Аммо мен ярага тегиб кетсам, касаллигим хотирга келади, Аллоҳ зикридан чалғиб қоламан, дея қўрқар эдим. Шу сабаб ўша ўринларга сув теккизмай, эҳтиёткорлик билан ювиниб туришни лозим топган эдим. Бешинчи куни ҳамроҳларим баданимни замзам суви билан артишга яна ундаб кўришди. Мен рози бўлмадим. Аммо қандайдир бир ғойибдан келган куч қўлимга замзам сувидан олиб, баданимга суртишга мени мажбурлагандек туюлар эди. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, беихтиёр йирингли яра-чақа босган кўкрагимга замзам сувидан сурта бошладим. Шунда мутлақо хаёлимга келмаган воқеа – мўъжиза содир бўлди. Танамдаги бор яра-чақалар йўқолиб, на оғриқ, на қон ва на бир йирингдан асар қолди.

Ҳайронлик ичра гангиб, қўлим билан кўкрагимни силадим, баданим соппа-соғ эди. Сесканиб кетдим. Дарҳол Аллоҳнинг қудратини зикр этдим ва ҳамд айтдим. Ёнимдаги дугоналаримнинг биридан баданимни ушлаб, ўша яраларни текшириб кўришини сўрадим. Танамнинг соппа-соғ, топ-тозалигига гувоҳ бўлгач, ҳаммалари беихтиёр қичқириб юборишди: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!»

Бу хабарни эримга етказиш учун тезда меҳмонхонага жўнадим. Унинг олдига кириб, кўйлагимни йиртиб: «Аллоҳнинг меҳрибонлигини қаранг», деб соғлом танимни кўрсатдим. У ҳайратдан ёқа ушлади. Бўлиб ўтган барча воқеаларни қайта сўйлаб берганимда унинг ишонгиси келмас эди. У ўзини тутолмай қувонганидан йиғлаб юборди ва баланд овоз билан: «Табиблар сенинг уч ҳафтадан кейин ўлишингни башорат этганларини биласанми?» деб хитоб қилди. Шунда мен: «Ажал фақат Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло қўлидадир. Ғайбни фақат Аллоҳ билгувчидир», дедим.

Биз Байтуллоҳда яна бир ҳафта турдик. Аллоҳнинг менга берган неъматларига шукрлар айтиб, ҳамду санолар ўқидим. Сўнгра Мадинаи Мунаввардаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларини зиёрат қилиб, Францияга қайтиб бордик. Францияда шифокорлар мени соғайганимни кўриб ҳайрон қолишди. Саросимага тушишди, ақлдан озишларига сал қолди. Чамамда, улар мендан: «Сиз Фалончимисиз?» деб сўрашди. Мен: «Ҳа, мен Фалончиман, эрим Фалон кимса», деб фахрланиб қатъият билан жавоб бердим.

Дарҳақиқат, мен тавба қилдим. Яратганга қайтдим, фақат Аллоҳ таолодангина қўрқадиган, фақат ундангина нажот кутадиган бўлдим. Зеро, тақдиримизни Аллоҳ белгилайди, ҳукм ҳам Аллоҳдандир. Ўша номдор дўхтирлар: «Бу ҳолатингиз ўта ғаройиб. Қайта тешириб кўриш кepaк», дейишди. Улар текширишди ҳам, аммо касалликдан бирор асорат топа олишмади. Илгари мен нафас олишга ҳам қийналар эдим. Байтул Ҳарамга бориб Аллоҳдан шифо сўраганимдан кейин бу дардимга ҳам даво топдим.

Шундан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳамда саҳобаи киромларнинг тарихлари битилган китобларни ўқидим, ўргандим. Кўп мутаассир бўлиб, узоқ йиғладим.

Аллоҳ таоло ва Унинг Расулини севмасдан ўтказган умримга кўп афсус-надоматлар қилиб, яна тинимсиз кўз ёш тўкдим. Мен Аллоҳ таолонинг берган неъматларига шукрона айтаман ва қилган гуноҳларимни кечириб, тавбаларимни қабул этишидан умидворман...»

Азизим, шу ўринда бир ожизанинг ғаройиб ва ғоятда ибратли ҳикояси якун топади. Ундан насиҳатланиш ва зарурий хулосалар чиқариб олиш ўзимизга ҳавола.


Баҳодир НУРМУҲАММАД