Зулмнинг умри узоқ бўлмайди, Ҳақ албатта қарор топади!

Устоз, аллома, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари ҳақида ишланган 2 қисмли (4 соатдан ортиқ) ҳужжатли фильмни томоша қилиб шунга амин бўлдимки, Аллоҳ таоло кофирлар ёқтирмаса ҳам, истамаса ҳам, минг чиранишса ҳам Ўз нурини тугал этгувчи Зотдир. 

Ўша қийинчилик, дин ва диндорларга қарши кенг миқёсли қирғинбаротлар олиб борилган даврдаги ҳолатни ўзгартириш бизнинг басиратимиз учун "имкони йўқ"дек туюлса-да, Ҳазрат роҳимаҳуллоҳнинг луғатларида "имкони йўқ" деган сўзнинг ўзи бўлмаганини кўрдик. Нафақат ўша даврлар учун, умуман ҳаётлари давомида ҳам шуни кўришимиз мумкин. 63 йиллик умрга Аллоҳ таоло 100 йиллик, балки ундан ҳам кўп барака берган. Ҳазратнинг ҳаётларини, фаолиятларини ўқиган, билган одам бехосдан: "Бунчалик бўлиши мумкин эмас", деб юбориши аниқ. 

Аслида бугунги истиқлол, эркинлик, ҳуррият кунларга етишимизга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг моддий-маънавий ҳиссалари беқиёс. Буни шу ҳужжатли фильмни томоша қилган ҳар қандай инсофли одам фаҳмлайди. 

Шундай қаттиқ темирни (совет деган атеистик, даҳрий тузумни) эритиб, бизларни яна шундай Ислом билан мушарраф бўладиган кунларга олиб чиққан буюк шахсият билан замондош, юртдош, диндош бўлганимиздан қанча фахрлансак шунча оз.

«Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўлурлар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, Ўз нурини тугал этгувчидир» (Саф сураси, 8-оят).

Аллоҳ таоло Ҳазратнинг йўлларидан боришимизни, у кишига муносиб бўлишимизни, Қиёматда у кишининг шафоатларидан насибадор бўлишимизни насиби муяссар айласин. Аллоҳ таоло Ҳазратимизни, миллий ва диний қаҳрамонимизни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига олган бўлсин.

Олдин ҳам айтганимдек, Ҳазратга муносиб бўлиш учун у киши ёзган асарларни ёш авлодга етказиш, ўқитиш, ўргатиш керак. Мактаб, ўрта ва олий таълимда Ҳазратнинг асарлари ўқитилиб, ўргатилсагина, у кишининг руҳларини шод қилган бўламиз. Акс ҳолда, маъазаллоҳ, у кишига хиёнат қилган бўламиз. Ҳолбуки, у кишининг асарлари шу халқ учун, шу халқдаги мўмин-мусулмонлар учун ёзилган, тақдим этилган!

Ҳазратнинг китоблари, асарлари китоб дўконларида сотиладиган, шунчаки мутолаа учун ўқиладиган асарлар эмас.

                                                                                                                                                                                                                                                                         Абдуллоҳ Раҳим

Манба: muslimaat.uz