«HILOL NASHR»: 2022 ЙИЛ НАТИЖАЛАРИ

«Hilol-nashr» нашриёти учун 2022 йил янги китобларни нашр этиш борасида энг сермаҳсул йил бўлди. Ўтган йилда нашриётимизда 90 номдаги янги китоблар нашрга тайёрланиб чоп этишга топширилди. Уларнинг аксарияти ҳозирда нашриётимиз дўконларида сотувда мавжуд, охирги ойда босмага топширилган баъзи китоблар эса чоп этилиш жараёнида, яқин орада улар ҳам китобхонлар қўлига етиб боради, иншааллоҳ.

Рақамлар билан ифодалайдиган бўлсак, 2022 йилда нашриётимизда умумий ҳисобда 296 номдаги икки миллион донага яқин китоб нашрдан чиқди. Бундан ташқари, босмахонамизда «Математика» ва «Тасвирий санъат» фанлари бўйича мактаб дарсликлари ҳам чоп этилди.

 

Янги нашрлар

Тафсир

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб «Тафсири Ҳилол» асари ўтган йилда ўн беш минг нусхада қайта нашр қилинди ва ўқувчиларга етказиб берилди. Қувонарлиси, «Тафсири Ҳилол» китоби 2022 йилда тўлиқ аудиолаштирилди ва диск кўринишида кўпайтирилди. Ушбу аудиокитобда Фотиҳа сураси ҳамда Ёсин сурасидан Ан-Наасгача бўлган сураларни шайх ҳазратларининг ўзлари ҳаётлик чоғларида ўқиб берганлар, қолган сураларни эса моҳир суҳандон Абдулқайюм Исмоил ўқиб охирига етказди.

Ўтган йил нашриётимиз учун катта ютуқлардан бири улуғ ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ қаламига мансуб «Таъвилот ал-Қуръон» номли тафсир китобининг ўзбекча таржимасини нашр этиш ишлари бошлангани бўлди. Ушбу тафсир имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари томонидан таржима қилинган бўлиб, «Hilol-nashr» муҳаррир, мусаҳҳиҳ ва дизайнерлари томонидан  нашрга тайёрланди. Мазкур тафсир мотуридия ақийдавий мазҳаби нуқтаи назаридан ёзилган бўлиб, унда ақийда масалалари чуқур ёритилган. Ҳозиргача китобнинг 30, 29 ва 27-28-жузлари нашрдан чиқди, 25-26-жузи эса нашрга топширилиш арафасида.

Ўзингизга маълум, ҳозир кунга қадар Қуръони карим маънолари бир қатор уламолар томонидан ўзбекчага таржима қилиниб, тафсир китоблар ҳам ёзилган. Хусусан, шайх Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон Тўра), шайх Алоуддин Мансур, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур, шайх Усмонхон Алимов каби уламолар шулар жумласидандир. Ўтган 2022 йилда устоз Азизхўжа Иноятов ва профессор Ғани Зикриллаев томонидан қилинган янги таржима – «Қурони карим оятлари мазмун-маъносининг ўзбекча изоҳли таржимаси» номи билан «Hilol-nashr»да нашрдан чиқди. Ушбу таржиманинг ўзига хос жиҳатлари шундаки, таржимада оятларга доир изоҳлар саҳифа охирида берилган бўлиб, уларнинг бир қисми арабча, ўзбекча, туркча, русча ва немисча тафсиру таржималардан айнан ёки қисқартириб олинган. Изоҳнинг асосий қисми оят мазмун-маъносини тушунишга кўмак берадиган лисоний ҳодисаларга бағишланган. Бунда асосан арабча сўз, ибора ва грамматик бирликларнинг таржимада ҳам ихчам, аниқ ва равон ифода этилишига эътибор қаратилган. Таржимадаги эътиборли жиҳатлардан яна бири шуки, изоҳларда оятдаги айрим  сўз, шакл, бирикма, гап ёки иборанинг таржимаси бошқа ўзбекча, шунингдек хорижий тиллардаги таржималар билан қиёслаб берилган.

Қуръони каримнинг ушбу изоҳли таржимаси кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Шунингдек, у тилшунослик ва таржимашунослик йўналишларида тахсил олаётган ёки тадқиқот олиб бораётганлар учун ҳам жуда фойдали манбаа бўлиб хизмат қилади.

 

Ҳадис

Нашриётимизда «Олтин силсила» туркумида саҳиҳ тўпламлар таржималари нашр этилаётганидан кўпчилик хабардор. Ҳозир кунгача туркумнинг иккита тўплами тўлиқ нашрдан чиқди. Булар  «Саҳиҳул Бухорий» (8 та жуз), «Саҳиҳи Муслим» (6 та жуз). «Сунани Абу Довуд» тўпламининг 1-жузи 2021 йил охирида, 2-жузи эса 2022 йил охирида нашрдан чиқди. Ушбу тўпламнинг 3–4-жузлари ҳам ҳозир таҳририятда нашрга тайёрланмоқда. Бундан ташқари, улуғ ватандошимиз Абу Ийсо Термизийнинг «Сунани Термизий тўплами» ҳам нашрга тайёрланмоқда.

  Ҳадис йўналишида нашриётда 2022 йил амалга оширилган катта ишлардан бири бу  «Саҳиҳул Бухорий» тўпламининг мантиқий давоми ўлароқ баҳоласа бўладиган китоб «Саҳиҳул Бухорий шарҳи» китобининг 2 та жузи нашрдан чиққанидир. Ушбу асар Ўзбекистон халқаро Ислом академияси, имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган. Ҳадиси шарифларни, хусусан, саҳиҳ ҳадисларнинг энг яхши тўплами бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий»даги маълумотларни фиқҳий мазҳаблар, ақидавий таълимотлар, фирқа ва гуруҳлар томонидан қандай талқин қилинганини ўрганиш жуда долзарбдир. Бугунги шароитда ҳадисларнинг ҳукмлари ва асл мазмунини манбалар асосида холис ва адолатли равишда билишимиз жуда ҳам зарур. Чунки «Саҳиҳул Бухорий» матнларининг қуруқ таржималарини тушуна олмаган халқ орасида, хусусан ёшлар ўртасида турли баҳс-мунозаралар ва тортишувлар юзага келаëтгани ҳам сир эмас. Шу маънода ушбу «Саҳиҳул Бухорий шарҳи» китоби ёшларимизга ҳадисларни тўғри тушуниб, уларга тўғри амал қилиш катта ёрдамчи бўлади деган умиддамиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» туркумидаги 19 ва 20-жузлар жамланиб совғабоп кўринишда «Нубувват ва рисолат» номи билан нашр қилинди. Шунингдек, 2022 йилда нашриётимизда ўзбек китобхонлари қалбидан жой олиб улгурган «Ҳадис ва ҳаёт» тўплами жузлари ҳамда Имом Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» тўпламига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ёзилган шарҳ китоб –  «Одоблар хазинаси» тўплами қайта нашр қилинди.

 

Фиқҳ

Шайх Муҳаммад Алий Собуний қаламига мансуб «Ал-Маворис фиш-шариатил исламия фий зовъил китаби вас-сунна» асари Ислом оламида машҳур китобларидан биридир. Ушбу асар ўзбек тилига шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан таржима қилинган бўлиб, китоб нашриётимизда ўтган 2022 йил «Ислом шариати мерос илми» номи билан нашр қилинди. Муаллиф китобда мерос бўйича шариат ҳукмларини, тўрт мўътараф фиқҳий мазҳаблар иттифоқ қилган масалаларини Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида баён қилган, мазҳабларнинг ижтиҳодида фарқ бўлса, алоҳида кўрсатиб ўтган.

Бундан ташқари, ўтган йилда шайх хазратларининг «Зикр аҳлидан сўранг» туркумида нашр қилинаётган китобларининг 8-жузи нашрда чиқди. Шунингдек, Абдулқодир Абдурраҳим томонидан нашрга тайёрланган «Эътиқод дурдоналари» китоби нашрдан чиқди. Ушбу асар Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг «Бадъул амолий» асарига зилган шарҳ китоб бўлиб, ўзича кўплаб мавзулардаги фиқҳий масалаларни жамлаган.

Фикҳ йўналишида нашр қилинган муҳим китоблардан яна бири шайх Ашраф Алий Тоҳонавий қаламига мансуб «Мухтасар фиқҳул Ҳанафий» асари таржимаси бўлган «Жаннат Зийнати» китобидир.  Ушбу асар муҳим фиқҳий масалалар ва исломий ақийдаларни баён қилиш билан бирга, исломий ахлоқ-одоб, муслималар учун гўзал намуналар қолдирган солиҳа аёллар ҳаёти, азвожи мутаҳҳарот оналаримизнинг таржимаи ҳоллари, муслима аёлларга фойдали бўлган хонадон ва касб-ҳунар ишларидаги одоб-ахлоқ, даволаниш ва муложаларни ҳам баён қилади. Бутун дунё уламолари томонидан эътироф этилган ушбу асар кўплаб мадрасаларда алоҳида дарс қилиб ўтилади.

Ўтган йил нашриётимиз халқимиздан чиққан катта олим, ўз маърузалари билан кўплаб инсонларнинг ҳидоятига сабабчи бўлган инсон Ёрқинжон Фозилов томонидан таълиф қилинган бир қатор китобларни нашр қилишга мушарраф бўлди. Хусусан, «Исломда зироат масалалари», «Азон одоблари ва аҳкомлари» китоблари шулар жумласидандир. Яна бир таниқли олим Абдулманнон Абдуллоҳ қаламига мансуб «Сафар китоби» ҳам ўтган йил нашрдан чиққан китоблар орасида ўқувчиларга жуда манзур бўлди.

 

Араб тили

Нашриётимиз шу кунга қадар араб тилини ўрганувчилар учун бир қатор китобларни нашр этгани кўпчиликка маълум. Ўтган йил ҳам бу йўналишда янги китоблар нашр қилинди. «Grand Ta’lim» нодавлат таълим маркази мутахассислари томонидан нашрга тайёрланган «Arab adabiy tili: qoida va mashqlar» туркум китоблари шулар жумласидандир. Биргина 2022 йилнинг ўзида ушбу туркумда 6 та китоб нашрдан чиқди. Бундан ташқари, араб тилини энди ўрганишни бошлаган ўқувчилар учун «Arab alifbosi» рисоласи, давом эттирувчи ўқувчилар учун мўлжалланган «Ад-дурусун наҳвия» (Наҳв дарслари) китоблари араб тилини ўрганувчилар томонидан яхши кутиб олинди.

 

Китоб кўргазмалари ва ютуқлар

Ўтган йилда «Hilol-nashr» нашриёти бир нечта китоб кўргазмалар, ноширлар учрашувларида иширок этди. Хусусан, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган халқаро ноширлар ҳамкорлик дастури – «7th Istanbul Publishing Fellowship» дастурида иштирок этди. Унда дунёнинг 72 та мамлакатидан 550 дан ортиқ нашриёт уйлари, ноширлар уюшмалари ва агентликлар иштирок этди. «Hilol-nashr» ҳам Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ катта нашриётлари қаторида ушбу дастурда муносиб иштирок этди. Дастур доирасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламига мансуб «Иймон» китобининг туркча таржимасини Туркиянинг «Kayihan» нашриёти томонидан нашр этилиши борасида келишувга эришилди.

Шу билан бирга, «Kayihan» нашриётида нашр этилган «Huzur arayan ruhlar» («Ҳаловат истаган кўнгиллар») асарини нашриётимизда ўзбек тилида нашр этиш бўйича ҳам келишувга эришилди. Ҳозирда ушбу китобларнинг таржима ишлари ўз якунига етган бўлиб, нашрга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

2022 йил 2-4 ноябрь кунлари «Ўзэкспомарказ» мажмуасида «Tashkent Book Fest –  2022» Тошкент халқаро китоб кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда «Hilol-nashr» ҳам қатор янги китоблари билан фаол иштирок этди. Кўргазма доирасида турли йўналишар бўйича танлов ўтказилди ва энг яхши китоблар сараланиб ғолиблар аниқланди. «Hilol-nashr»да нашр этилган «Нубувват ва рисолат» китоби «Энг яхши диний-маърифий» китоб номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Нашриётимиз 2022 йил март ойида EduOn онлайн таълим платформаси томонидан ташкил қилинган «Edu-Branding» танловида иштирок этди. Танловда турли йўналишлар бўйича Ўзбекистондаги энг яхши муассасалар аниқланди. Жумладан, «Энг яхши ИТ мактаб», «Энг яхши чет тиллари ўқитиш маркази», «Энг яхши ўқув марказ», «Энг яхши бизнес мактаб» ва бошқалар. «Hilol-nashr» нашриёти ҳам ушбу танловнинг «Энг яхши нашриёт ва китоб дўкони» йўналишида иштирок этди ва ғолибликни қўлга киритди.

 

«Китобхонлик мактаби» лойиҳаси

Нашриёт фаолиятига доир яхши янгиликлардан яна бири «Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг йўлга қўйилгани бўлди. «Китобхонлик мактаби» лойиҳаси доирасида нашриётнинг мажлислар залида 47 та учрашув ва китоб тақдимотлари ўтказилди. Улар нашриётимизнинг YouTube платформасидаги каналида тўғридан-тўғри эфирга бериб борилди.

 

Call Markaz

2022 йилда нашриётда амалга оширилган катта ишлардан яна бири нашриётда Call Markaz  ишга туширилиши бўлди. Унда бир пайтнинг ўзида бир нечта оператор телефон орқали мижозлар ва китобхонларнинг мурожаатларига жавоб бериб туришади, буюртмаларни қабул қилиб, расмийлаштириш билан шуғулланишади. Ушбу марказ ишга туширилгандан бери телефон орқали савдо ҳажми сезиларли ошди.

 

Янги дўконлар

«Hilol-nashr»да нашр этилган китобларни ўқувларга етказиб беришни қулайлаштириш мақсадида Тошкент, Қарши ва Қўқон шаҳарларида нашриётнинг янги дўконлари ишга туширилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Сирғали ҳамда Чилонзор туманларида янги китоб дўконларимиз фаолият бошлади. Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрида ҳам нашриётимизнинг янги дўкони очилиши ўша ҳудудда яшовчи китобхонлар учун катта хурсандчилик бўлди.

 

Ҳамкор дўконлар лойиҳаси

Ўтган йилда нашриётимиз маркетинг бўлими ташаббуси билан республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 100 дан ортиқ китоб дўконлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бунда ушбу дўконларга «Ҳамкор дўкон» мақоми берилиб, уларга нашриётда чоп этилган китоблар чегирма нархларда берилади. Бундан ташқари, улар ҳамкор дўкон эканини билдириш маъносида «Hilol-nashr» логотипи туширилган ёзувни ўз дўконлари пештоқига илиб қўйишлари мумкин.

 

Ёрқинжон ҲАЙДАРОВ,

«HILOL-NASHR» нашриёти бош муҳаррири