«Hilol-nashr»: 2019 йил натижалари

Жойлаштирди Demo 09/01/2020 0 Изоҳлар

«Hilol-nashr»: 2019 йил натижалари

     Ўтган 2019 йил «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси учун ният ва режа қилинганидек ҳар йилгидан ҳам самарали бўлди. Кўплаб янги китоблар чоп этилди, тақдимотлар ўтказилди, янги журналга асос солинди, халқаро китоб кўргазмасида иштирок этилди, энг асосийси, нашриётнинг кўп йиллик мақсадларидан бири – Мусҳафи шариф чоп этилиб юртимиз мусулмонларига етказиб беришдек хайрли иш амалга оширилди.

      Нашриётимизда 2019 йилда умумий ҳисобда 133 номдаги китоблар нашр этилиб китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди. Шулардан 30 номдагиси янги китоблар бўлиб, улар турли йўналишлардаги асарлардир. Хусусан, «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси асосчиси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб янги «Олам ва одам, дин ва илм» ҳамда «Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» номли асарлар нашрдан чиқди. Бу китоблар ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди, тақдимотлари ўтказилди. Ушбу китоблар ҳақида нашриётга ўқувчилардан турли фикр-мулоҳазалар битилган хатлар келди.

 

Янги китоблар

      Ўтган йил нашриётимизда қатор муаллифларнинг янги асарлари ҳам нашр этилди. Жумладан, Исҳоқжон домла Муҳаммаджон ўғлининг «Таълим ва тарбия» номли китоби, Абу Ҳомид Ғаззолий қаламига мансуб «Эй фарзанд!» китобининг Одинахон Муҳаммад Содиқ таржимасидаги янги нашри, Зебуннисо Қутбиддин қизи томонидан нашрга тайёрланган «Нозик хилқат» номли китоб, Қудратуллоҳ Сидиқметов, Жалолиддин Холмўминов, Шокиржон Мадаминов ва Абдулқодир Пардаевлар томонидан нашрга тайёрланган «Ислом одоблари энциклопедияси» (1, 2-жузлар), Раҳматуллоҳ домла Сайфутдиновнинг «Ибратли хонадон» номли китоби, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг «Уйғоқ дил» номли янги тўплами ва бошқа китоблар билан нашриётимизда чоп этилаётган асарлар миқдор ва мазмун жиҳатдан янада бойиди.
 

      
      «Hilol-nashr» ёш китобхонларимизни ҳам эътибордан четда қолдирмай уларга мўлжалланган янги асарларни нашр этишда давом этмоқда. Китобхонларга ўзининг қатор асарлари билан яхши таниш Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Ahmad amakining saboqlari» номли китоби, қардош татар муаллифи Ҳайдар Булгарийнинг «Odam alayhissalom» номли рангли китоби, Муҳаммад Зариф Ҳикматзода таржимасидаги «Ibrohim Allohni izlamoqda. Hazrati Ismoilning najot topishi» номли китоблар шулар жумласидандир.

 

«Саҳиҳул Бухорий» тўплами тўлиқ нашрдан чиқди

      Хабарингиз бор, «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси томонидан «Олтин силсила» туркумида дунё мусулмон уламолари томонидан якдиллик билан эътироф этилган мўътабар ҳадис тўпламлари нашр қилинмоқда. Бу тўпламлар ҳадисшунос мутахассислар ва тажрибали таржимонлар гуруҳи томонидан юртимизда биринчи марта тўлиқ ҳолда ҳозирги ўзбек адабий тилига таржима қилинаётгани катта воқеа ҳисобланади. Ўтган йил февраль ойида «Олтин силсила» туркумидаги «Саҳиҳул Бухорий» тўпламининг охирги 8-жузи нашрдан чиқди ва тўплам тўлиқ ҳолга келди. Шу муносабат билан тўпламни нашрга тайёрлашда иштирок этган мутахассислар, устоз-уламоларимиз ва нашриёт вакиллари баҳор фаслида Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига бориб кичик тақдимот ўтказиб, «Саҳиҳул Бухорий» хатмини якунлаб қайтишди.
 

 

      Яна бир қувончли хабар шуки, «Олтин силсила» лойиҳасидаги кейинги тўплам «Саҳиҳи Муслим»нинг биринчи жузи 2019 йил ноябрь ойида нашрга берилди. Яқин орада бу китоб ҳам ўқувчилар қўлига етиб бориши кутилмоқда.

 

Китобларимиз рус ва қорақалпоқ тилларида

      Нашриётимиз рус тилида ўқишни афзал кўрувчи китобхонлар эҳтиёжидан келиб чиқиб ўтган йили 16 номдаги асарни рус тилида нашр этишга муваффақ бўлди. Уларнинг деярли барчаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб асарлардир. Хусусан, «Тафсир Хилал» 7-том, «Тафсир Хилал» 8-том, «Хадисы и жизнь» 19-джуз, «Счастливая семья», «Заем и связанные с ним вопросы» китоблари рус тилида биринчи марта нашрдан чиқди.
 

      
      Қардош қорақалпоқ тилида диний-маърифий йўналишдаги адабиётлар етишмаслигини ҳисобга олган ҳолда нашриётимиз қорақалпоқ тилида ҳам китоблар чоп этишни йўлга қўйди. Ўтган 2019 йилда «Ҳәдис ҳәм турмыс» 1-том. (Кирисиў), «Ҳәдис ҳәм турмыс» 2-том (Ислам ҳәм ийман), «Ийман», Шамсиддин Баҳауддинов қаламига мансуб «Қурбанлық китабы» асарлар қорақалпоқ тилида нашр этилди.

 

Янги журнал

      Нашриётимизда 2019 йил «Hilol» номли янги диний-маърифий, ижтимоий-адабий журнал нашр этила бошлади. Аслида «Hilol» журнали бир неча йилдан буён электрон шаклда нашр этилар эди.  Ўтган йил ана шу журнални босма нашрга айлантиришга муваффақ бўлинди. Шу кунгача янги журналнинг 9 та сони ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди, обуна бўлиш йўлга қўйилди. Аллоҳ таолодан бошлаган бу ишимизнинг хайр-баракали бўлишини сўраймиз.

 


«Tashkent Book Fest – 2019»

      2019 йил 2–4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида илк бор халқаро китоб кўргазмаси ўтказилди. Унда «Hilol-nashr» ҳам муносиб иштирок этди. Кўргазма доирасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб «Олам ва одам, дин ва илм» китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Кўргазма кўтаринки руҳда ўтиб, ёшлар «Hilol-nashr»да чоп этилган китобларга катта қизиқиш билдирди.

 

      «Hilol-Nashr» нашриёти кўргазмада фаол қатнашганлар ва ғолиблар орасида тақдирланди. Тақдирловдаги ўнта номинациядан бири – диний-маърифий асар йўналиши бўйича шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Ижтимоий одоблар» китоби энг яхши китоб деб топилди. Барча китобхонларга ушбу асарни ўқиб-ўрганишни тавсия қиламиз.
 

 

Мусҳафи шариф янги кўринишда

      Хабарингиз бор, 2018 йилдан бошлаб «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони карим – Мусҳафи шарифни чоп эта бошлади. Шу давр мобайнида 75 минг нусхадаги Мусҳаф ўқувчиларга етказиб берилди. Шулардан дастлабки 60 мингтаси «Дорус-салом» нашриётнинг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланди. Қолган 15 мингтаси эса «Дорул-Ғавсоний» нашриётининг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида тайёрлаб чоп этилди. Ушбу нашрнинг кейинги 20 минг нусхасини 2020 йил 11 январь куни савдо дўконларимизга чиқариш режалаштирилган.
 

   
      Ўтган йил охирида нашриётимиз Мусҳафи шарифни янги кўринишда чоп этиш ишларини бошлади. Ушбу нашр Исмоил Муҳаммад Содиқ раҳбарлигидаги «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ва Мозин Абдулқодир Арнаут раҳбарлигидаги «Салсабил» нашриёти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, ушбу нашриётнинг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланди. Мусҳафи шарифни янги кўринишдаги нашрини 2020 йил биринчи чорагида ўқувчиларга етказиб бериш режалаштирилган.
 

 

Hilol e-Book – 208 та электрон ва 71 та аудио китоб битта иловада

      Бугунги кунда китобларни электрон шаклда ўқишни афзал биладиган китобхонлар кўпайиб кетгани сир эмас. Шуни инобатга олган ҳолда «Hilol-nashr» Hilol e-Book номли иловани ишга туширган. Бу илова орқали китобхонлар «Hilol-nashr»да чоп этилган китобларни электрон форматда ўқишлари, аудио китобларни эса тинглашлашлари мумкин. Бугунги кунда китобхонлар биргина Hilol e-Book иловаси орқали 208 та электрон китоб ва 71 та аудио китобни ўқиш ва тинглаш имкониятига эга бўлдилар.


                                                                                                                                      Савдо дўконларимиз яна иккитага кўпайди
      Ҳозирги кунда «Нilol-nashr»нинг мамлакатимиз бўйлаб 10 та савдо дўкони мавжуд. Ўтган 2019 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ҳамда Бухоро вилоятининг Бухоро шаҳарларида янги филиалларимиз очилди. Шуни таъкидлаш мумкинки, вилоятлардаги барча дўконларимизда «Нilol-nashr»да чоп этилган китобларнинг нархлари Бош дўкондаги нархлар билан бир хил.

Хулоса

      Юқорида келтирилган маълумотлар кимлар учундир шунчаки хабар, оддий рақамлардек туюлиши мумкин, лекин чуқурроқ ўйлаб қаралса, шу оддий рақамлар ортида муаллифларнинг узоқ йиллик изланишлари, тунни кунга улаб қилган меҳнатлари, таҳририят ва босмахона ходимларининг кўз нурлари, фидойиларча меҳнатлари ётибди.

      Охирги пайтда ўзбек тилининг мавқеини ошириш масаласида кўп гапирилди, аслида бирор тилнинг мавқеи қарорлар билангина ошиб қолмайди. Бунинг учун ўша тилда жуда кўп миқдорда ва мавзуларда матнлар яратилиши, китоблар нашр этилиши керак. Мана бу она тилимизни ривожлантириш, маънавиятимизни юксалтириш, миллатимиз руҳи бўлган тилимизнинг мавқеини ошириш учун, баландроқ овозда, баландроқ минбарлардан туриб жаранглаши учун қилинган реал ҳаракат бўлади.

      «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ўз фаолияти билан илм тарқатиш, маърифатимизни юксалтириш, матбаачилик соҳасини ривожлантириш ишига муносиб хисса қўшиб келмоқда. Азизлар, «Hilol-nashr» билан бўлинг, илм йўлида юринг, зеро илм сизга куч ва ишонч беради, адашишдан асрайди, зулматларда йўлингизни ёритувчи нур бўлади.  

 

Ёрқинжон Ҳайдаров 

Фикр билдириш