Кўпроқ китоб ўқиш учун нималар қилиш керак?

Жойлаштирди Demo 24/08/2019 1 Изоҳлар

КЎПРОҚ КИТОБ ЎҚИШ УЧУН НИМАЛАР ҚИЛИШ КЕРАК?

Кўпроқ китоб ўқишни ҳаммамиз ҳам истайман, албатта. Лекин доим ҳам бунга имкон топмаймиз ёки ҳафсала бўлмайди. Шунинг учун қуйида баъзи тавсиялар бериб ўтамиз. Уларга амал қилган ҳолда китоб ўқишни кундалик вазифага айлантириш ва мутолаа ҳажмини ошириш мумкин.


1. Аввало нима учун китоб ўқиш кераклигини тушуниб етиш керак.

Нима ишни амалга ошириш учун бўлса ҳам, киши унинг нечоғлик муҳим эканини англаб олмаса, уни бажариши қийин бўлади. Бошқача қилиб айтганда, биринчи ўринга қўйилган вазифаларгина тўлиқ бажарилади. Қолгани даражасига кўра. Масалан, ишлаш ҳаётдаги биринчи ўриндаги вазифаларимиздан бири. Ҳафталаб, ойлаб ишламай юра олмаймиз. Чунки нима учун ишлаш кераклигини англаб етганмиз. Китоб ўқиш ҳам нима учун муҳим эканини англаб етсак, шунга муносиб ҳаракат қиламиз.
Хусусан, китоб ўқиш орқали илм ўрганамиз, маърифатимиз зиёда бўлади, руҳий озуқа оламиз.


2. Ниятни тайин қилиб олиш керак.

Олдин айтилгандек, нима сабабдан китоб ўқиш кераклигини англаб олсак, шунга кўра ният қилинади. Масалан, илм ўрганиш учун китоб ўқимоқчи бўлсангиз, китоб ўқигингиз келмай қолса, илм ўраганишингиз кераклигини эслайсиз. Китоб ўқиш илм ўрганишдаги муҳим омиллардан бири, бусиз мақсадга ета олмаслигингиз мумкинлигини ўйлаб, китобни қўлга оласиз.


3. Ўзингизга вазифа белгилаб олинг.

Масалан, ҳар кун 30 бет ўқийман деб аҳд қилинг ва ҳар кун вазифангизни бажаришга қатъий ҳаракат қилинг. Мабодо бирор кун бажара олмай қолсангиз, бошқа кунлари зиёда қилиб ўрнини тўлдиринг. Акс ҳолда, бир-икки кун вазифангизни бажармай, ўрнини тўлдирмасангиз, китоб ўқимай юриш оддий ҳол бўлиб қолади.


4. Мутолаани қизиқарли, ҳажми кичикроқ китоблардан бошланг.

Афсуски, баъзи китоблар зерикарли ёки тушуниш қийин. Ёки китобнинг мавзуси шундай бўлиши мумкин. Ўта илмий китобларни кўп ўқиш қийин. Уни қизиқарли қилиб ёзишга мавзу мос келмаслиги ёки муаллифда бунга маҳорат етишмаслиги мумкин. Хуллас, китоб ўқишда зерикиб қолмай, қийналмай ўқий десангиз, қизиқарли, ҳажми кичикроқ китобларни кўпроқ ўқиб, кўп китоб ўқишга одатланиб олинг. Кейин катта ҳажмдаги, мавзуси оғирроқ китобларни ҳам ўқишга ҳаракат қилишингиз мумкин.


5. Гоҳида мажбурлаб ҳам ўқиш мумкин.

Гоҳида ҳеч бир чора иш бермаса, мажбурлаб бўлса ҳам кўпроқ китоб ўқиш мумкин бўлади. Лекин юқоридаги тавсияларга амал қилинса, бу даражага келиб қолмайди, иншааллоҳ. Фақат кўпроқ ўқиш учун киши ўзини бироз мажбурлаб ўргатиши мумкин. Масалан, камина ишим китоб ўқиш бўлгани учун ҳар кун ишда ўртача 60-70 бет атрофида китоб ўқийман. Энг кўпи бир кунда 170 бет ўқидим. Энди ишда 60-70 бет ўқиганим билан кифояланмай уйда ҳам китоб ўқишни кўпайтиряпман. Дам олиш кунлари ҳам табиий равишда китоб ўқишни хоҳлаяпман. Бу нарса рефлекс дейилади. Овқатланиш ва бошқа рефлексларимиз бўлганидек, кўпроқ китоб ўқишни ҳам рефлексга айлантиришимиз лозим.

Ғиёсиддин Юсуф

1 Изоҳлар

Sunnat:
02/09/2019, 11:02:33 AM
Жавоб йўллаш

Assalomu alaykum! Alloh rozi bo'lsin! Chiroylik fikr uchun tashakkur.! Manimcha Alloh roziligi uchun o'qish ......avvalo..... Shunaqa fikrlarda baedavom bo'ling....

Фикр билдириш