Рамазон муборак!

Жойлаштирди Demo 10/05/2019 3 Изоҳлар

Муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Барчангизни рўза ва Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, мағфират ва дўзахдан қутилиш ойи, барака ва савоб ойи – Рамазони шариф кириб келиши билан чин қалбдан қутлашга ижозат бергайсиз.

Ойларнинг саййиди Рамазони шариф кириб келди. Рамазон ойининг рўзаси Ислом уммати учун Аллоҳга бандаликни, тоатни изҳор этиш, Парвардигорнинг синовидан ўтиш, У Зотга қурбат ҳосил қилишнинг энг қулай имконидир. Шу боис руҳиятимизда, қалбимизда мунаввар лаҳзаларнинг завқи, шуури, ҳаракатларимизда шу ойга тайёргарликнинг ширин ташвишлари...

Рўзадорлар дунёда Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари, охиратда жаннат уйининг улуғ меҳмонлари бўлишади. Рамазон инсон нафсини жиловлаш, поклаш, чиниқтиришнинг энг қулай фурсатидир. «Марҳабо, эй бизларни покловчи! Рамазоннинг ҳамма вақти яхши: кундузи рўза, кечаси қиём, бу ойдаги нафақа Аллоҳ йўлидаги нафақа кабидир», деганлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу. «Ҳар нарсанинг закоти бор, баданнинг закоти рўза тутишдир», деганлар Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.

Аллоҳ таоло бандаларининг хайрияти, уларга карам ва меҳрибонлик кўрсатиш учун бу ойни бошқаларидан фарқли қилган. Шунинг учун биз бу ойни интиқлик, кўтаринкилик, катта иштиёқ билан кутамиз. Мақсадимиз, бу ойда Аллоҳнинг синовидан яхши ўтиб, У Зотнинг розилигини топишдир. Қийинчилик ва чекловларга сабр қилиб, жаннат мукофотини қўлга киритишдир. Рўза сабабли қалбимизни поклаш ва мунаввар қилиш, жасадимизни сабрга ўргатиб, чин ихлосли мусулмон бўлишдир.

Ҳадисларда «Рўза тутишдан мақсад иродани мустаҳкамлаш, ўзига ҳоким бўлишдир», дейилган. Рамазон сабр ойи бўлгани учун очлик, ташналик ва бошқа нафсий чекловларга сабр қилиш билан бирга кишилар дилига озор бериш, ўзгаларни ғийбат қилиш, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш, яқинларимизга бемеҳр бўлиш каби иллатларни тарк этишда ҳам сабр кўрсатишимиз керак бўлади.

Рамазон тақво ойидир. Бу ойда хулқимиз, иффатимиз, ҳаром ва шубҳалардан тийилишимиз бошқа ойларга қараганда кўпроқ ва кўламлироқ бўлиши зарур. Рамазон ибодатларни кўпайтириш, гуноҳларга мағфират сўраш, Қуръон билан ошно бўлиш, Аллоҳга қулликни юксак чўққисига кўтариш ойидир. Шундай бўлгач, Рамазонни тақво, ҳалоллик, ҳусни хулқ ва яхшиликлар ойига айлантириш учун бор куч-имкониятларимизни сафарбар қилайлик!

Рамазон шундай ойки, уни чинакам тақво, холис ибодатлар билан, Аллоҳга қулликда ўтказиш орқалигина унинг шарафини сақлаган, мусулмонлик бурчимизни оқлаган бўламиз. Барча мусулмонларимизга ушбу ойни Аллоҳ буюрганидай чиройли ўтказиш насиб этсин! Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

 

 

Исмоил МУҲАММАД СОДИҚ,
«HILOL-NASHR» нашриёт-матбаа 
мажмуаси раҳбари, журнал бош муҳаррири

3 Изоҳлар

Абдухолик:
10/06/2019, 09:24:17 PM
Жавоб йўллаш

Нехотя Оли мукофод Оллох томонидан бандаллариучун бу Рамазон ой

Юсупалиева шахноза:
20/06/2019, 05:28:43 PM
Жавоб йўллаш

Rahmat

мансурбек:
05/07/2019, 10:03:33 AM
Жавоб йўллаш

nixol kitob

Фикр билдириш