Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизга оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора бир киши кириб келди. Унда сафар аломати кўринмас эди. Орамизда ҳеч ким уни танимас эди. У келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўпараларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Кафтларини сонининг устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом – «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг ва агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилишинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у.
Биз бунга ажабландик: ўзи у зотдан сўрайди-да, яна ўзи тасдиқлаб ҳам қўяди.
Сўнг у: «Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.
У зот: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтиришинг ва қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтиришинг», дедилар.
«Тўғри айтдинг», деди у ва: «Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.
У зот: «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг», дедилар.
«Менга қиёматдан хабар бер», деди.
У зот: «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.
У зот: «Чўри ўз хожасини туғиши ҳамда ялангоёқ, яланғоч, йўқсил ва қўйчивонларнинг кимўзарга бино қуришини кўришинг», дедилар.
Кейин у жўнаб кетди. Мен бирпас туриб қолдим. Сўнг у зот менга: «Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедим.
У зот: «У Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келибди», дедилар» (Муслим ривояти).
Динимиз таълимотига кўра Қуръони Карим ва набавий суннатда баён қилинган ҳукмлар ақида, жисмнинг зоҳири ва ботиний ахлоққа тегишли уч қисмга бўлинади. Ҳадисда баён қилинган ушбу учала қисмнинг ҳукмлари дин деб аталади.

Бу ҳадис «Жаброил ҳадиси» деб аталади. Чунки бу ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, у зотга Ислом, иймон ва эҳсон ҳақида савол бергани, у зот алайҳиссалом эса мазкур саволларга жавоб бергани баён этилган. Ҳадис бир неча қисмга бўлинади:

1. Ҳадиснинг биринчи қисми Жаброил алайҳиссаломнинг келишларидан бошлаб, то «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар беринг» деган жумласигачадир. Ушбу қисмда Жаброил фариштанинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиши ҳамда унинг ўша пайтдаги кўринишлари баён қилинган. Ҳазрати Умар ва бошқа саҳобалар Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларида ўтиришган эди. Тўсатдан бир киши келди. Ҳадиснинг арабий иборасида унинг келиши қуёш ёки ойнинг чиқишини ифодаловчи «ярқираб чиқди» феъли билан берилган. Чунки келувчи шахс гарчи инсон суратида келган бўлса ҳам, Жаброил алайҳиссалом эди. У зот фаришта бўлгани учун нурдир. Худди қуёш нур сочиб, балқиб чиққани каби у зот ҳам нур сочиб келди. Бундан ташқари, ушбу иборада Жаброил алайҳиссаломнинг улуғворлигига ҳам ишора бор. Яъни у киши худди Қуёш каби порлаб, нур таратиб келди.

У кишининг кийимлари оппоқ, соч-соқоли эса тим қора эди. У кишида сафар аломатлари кўринмасди. Чунки сафардан келган киши терлаган, кийимларига эса чанг бўлади. Шу сабабли, у кишини саҳобалар мадиналик деб ўйлашди. Aммо Умар розияллоҳу анҳунинг таъбири бўйича у кишини саҳобалардан ҳеч ким танимас эди. Чунки у киши «Мен танимас эдим», демади. Балки «Биздан биронтамиз ҳам уни танимас эдик» деб, бошқалар ҳам уни билмаслиги ҳақида хабар берди. Баъзи ривоятларда келишича, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам аввал бошда у кишини танимаган эканлар.

Шу йўсинда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, чўкка тушиб ўтирдилар. Икки тиззасини Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламнинг икки тиззаларига тиради. Икки қўлини эса пайғамбар алайҳиссаломнинг икки сонлари устига қўйди.
Жаброил алайҳиссаломнинг бундай суратда келишининг ҳикматларидан бири кўзланган мақсад тўла амалга ошиши учун ўша ерда ўтирган кишиларни таажжубга солиб, берадиган саволларига уларнинг диққат-эътиборини қаратиш эди.

Жаброил алайҳиссалом одатда Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳунинг суратларида келар ва бунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни танир эдилар. Мазкур ҳадисда айтилганидек, бу сафар бошқа шахснинг суратида келгани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аввалига уни танимадилар.

2. «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», иборасидан бошлаб, «Менга иймон ҳақида хабар бер» деган жумлагача ҳадиснинг иккинчи қисмидир. Ушбу ўринда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, биринчи саволни берди. У зот алайҳиссалом жавоб қайтардидилар. Жаброил алайҳиссалом жавобни эшитгач, тасдиқлаб қўйди. Шу ерда ҳозир бўлган саҳобалар бундан таажжубланишди. Чунки аслида инсон саволни билмагани учун беради. Aгар у жавобни тасдиқласа, демак, унинг ўзи ҳам ўша саволнинг жавобини билади.

Ҳадиснинг мазкур қисмида яна бир ҳолат мавжуд. Жаброил алайҳиссалом юқорида айтилган суратда келиб ўтиргач, саломлашмасдан, тўғридан-тўғри: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволни ўртага ташлади. Бунга сабаб мажлисда ўтирганлардан ўзини махфий тутиш эди. Токи, саҳобалар у ҳақида «Бадавий бу киши мажлис одоби, рисолат ва нубувват мақомидан бехабар экан», деб ўйлашлари керак эди. Шунда улар Жаброил алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзига эътибор қаратишади. Жаброил алайҳиссаломнинг ташрифидан мақсад эса саҳобалар эътиборини ўзига қаратиб, уларга таълим бериш эди. Баъзи саҳиҳ бўлмаган ҳадисларда салом бергани ҳам ривоят қилинган.

3. Бу қисмда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Менга иймон ҳақида хабар бер», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Aллоҳга иймон келтиришинг» деб жавоб бердилар. Бундан мурод Аллоҳнинг борлигига эътиқод қилиш ва тасдиқлашдир.

Ушбу ҳадис шарҳида уламолар Aллоҳ таолонинг борлигига бир қанча далиллар келтиришган: «Aллоҳ таоло Сонеъ – яратувчи, ақлларни ҳайратда қолдирувчи зотдир. Инсон У яратган нарсаларнинг ҳисобига ета олмайди. Ҳатто уларни тафаккур ҳам қила олмайди. Борлиқдаги барча нарсани Aллоҳ таоло яратган, йўқдан пайдо қилган. Йўқдан пайдо қилишга қодир Зот доимий ҳаёт, барча нарсаларни билувчи, ниҳоятда кучли бўлиши ҳамда барча камолотларни ўзида мужассам қилиши шубҳасиздир. Яратувчи Зотга яратилган нарсалар орқали далилланиш борасида Қуръони Каримда кўплаб оятлар келган».
Ҳадиснинг давомида малоика, яъни фаришталарга иймон келтириш ҳақида хабар берилди. Малоика луғатда хабар берувчи маъносини англатади. Шаръий маъноси эса нурдан яратилган латиф жавҳардир. Улар Аллоҳ таолонинг амри билан турли суратга кира олади. Фаришталарга иймон келтириш деганда Қуръон ва суннатда улар борасида келган сифатларга, улар Аллоҳ ва Унинг расуллари ўртасида элчи ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан пок эканига иймон келтириш тушунилади.

Ҳадиснинг кейинги жумласида самовий китобларга иймон келтириш айтилди. Самовий китобларнинг ўзи ва мазмуни ҳақдир. Уларнинг сони тўртта: Таврот, Забур, Инжил ва Қуръон. Улардан ташқари яна юзта саҳифа ҳам бўлиб, ўнтаси Одам алайҳиссаломга, элликтаси Шис алайҳиссаломга, ўттизтаси Идрис алайҳиссаломга ва ўнтаси Иброҳим алайҳиссаломга нозил бўлган. Уларнинг барчаси Рамазон ойида нозил бўлган.

Кейинги жумлада пайғамбарларга иймон келтириш айтилади. Пайғамбар алайҳиссаломларнинг барчалари маъсумдир. Ҳар бир уммат ўз пайғамбарига ҳеч бир нарсани шарт қилмай итоат этиши лозим. Уларнинг адади борасида нақл қилинган машҳур қавл улар бир юз йигирма тўрт мингта эканидир. Улардан уч юз ўн бештаси расулдир.

Кейинги жумлада Қиёмат зикри келади. У маҳшарда тўпланиш ҳамда жаннат ва дўзахга иймон келтиришни ҳам ўз ичига олади.
Иймонга таъриф берар эканлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охири қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтиришни айтдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
«“Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар”, деб айт» (Тавба сураси, 51-оят).
Шунга кўра, хоҳ яхшилик бўлсин, хоҳ ёмонлик – барчаси Аллоҳ таолонинг азалий илми ва комил қудрати остидадир. Бандаларга битилган тақдир уларни мажбурлаш эмас, балки улар томонидан содир этилажак нарсаларни азалдан билиб ёзиб қўйилганидир.

Ҳадисда Жаброил алайҳиссалом аввал Исломдан, кейин эса иймондан сўраганини кўрамиз. Бунга сабаб, Ислом банданинг зоҳирига, иймон эса унинг ботинига тааллуқли эканидир. Зоҳир ботинга далолат қилгани учун Ислом аввал зикр қилинди. Чунки далил ўзи далолат қилаётган нарсадан муқаддам бўлади. Бундан ташқари, бу ўринда олийликка чиқиш ҳам бор. Иймон энг олий мартабадир.
Аслида иймон собит бўлиши учун икки шаҳодат калимаси кифоя. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисда Ислом арконларини ҳам келтириб ўтдилар. Бу худди никоҳдаги ийжоб ва қабулга ўхшайди. Ийжоб ва қабул бўлгач, ундан кейинги шартлар, яъни нафақа, маскан ва бошқаларни адо этиш ҳам талаб этилади. Комил иймон учун диннинг арконлари ҳам зарур бўлгани сабабли Пайғамбар алайҳиссалом уларни санадилар.

4. Жаброил алайҳиссаломнинг эҳсон ҳақидаги саволи ҳадиснинг тўртинчи қисми ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом бу саволга: «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг», деб жавоб бердилар.

Пайғамбар алайҳиссалом юқорида иймон ва ислом ҳақида жавоб бериб, уларнинг ҳақиқатини баён қилдилар. Эҳсоннинг жавобида эса ибодатларни энг гўзал тарзда адо қилишга тарғиб бўляпти. Эҳсон мақоми иймон ва Исломдан кейин зикр қилинишининг ҳикмати ҳам шунда. Зеро, ибодатларнинг мукаммаллиги эҳсон билан бўлади.

«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг» жумласи орқали обиднинг ҳолати баён қилиняпти. Мана шу ҳолатни ўзида топган банда эҳсон даражасига чиққан бўлади.
Бу ерда икки мақом баён қилинмоқда. Бири мушоҳада, иккинчиси эса муроқаба мақомидир. Мушоҳада мақомида банда Аллоҳ таолони кўриб тургандек бўлади. Муроқаба мақомида эса Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилиб, қалбини шунга тайёрлайди. Бу икки ҳолат бандага қалб иллатларини муолажа қилишда ёрдам беради. Банда дунёда Аллоҳ таолони кўролмаслиги аниқ. Шундай бўлса-да, ибодат чоғида ўзини худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек тутиши ёки Аллоҳ таоло кўриб турибди деган эътиқодда бўлиши таъкидланмоқда. Мана шу эътиқод ибодатнинг гўзал ва мукаммал адо этилишига, зоҳир ва ботиннинг бир хилда сақлашга васила бўлади.

5. «Менга қиёматдан хабар бер» деган савол ҳадисининг бешинчи қисми бўлиб, аввалги қисмларида баҳси келган иймон, Ислом ва эҳсондан бошқача мазмунга эга эди.
Эҳсон мавзусида жавоб берилганда Aллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилиш зикр этилган эди. Банда Aллоҳ таолони фақат Қиёматда кўриш мумкин. Мавзунинг эҳсондан Қиёмат масаласига кўчишида ушбу боғлиқлик бор. Юқоридаги саволлар мусулмон кишида Aллоҳ таолони кўришга шавқ уйғотади.

Жаброил алайҳиссалом Қиёматнинг қоим бўлишини эмас, балки унинг қачонлиги ҳақида сўради. Чунки Қиёматнинг бўлиши аниқ, аммо қачонлиги номаълум. Бунга жавобан Пайғамбар алайҳиссалом: «Бу борада сўралувчи сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар. У зот бу саволга «билмайман» десалар ҳам бўларди-ку, нима учун узун ва балоғатли ибора билан жавоб бердилар?

Биринчидан, умумни ифодалаш учун. Яъни «Эй Жаброил, Қиёматгача бу масала ҳақида қанча сўровчи ва сўралувчи бўлса, барчасининг ҳоли сиз ва меники кабидир. Биз ҳам, улар ҳам билишмайди».
Қолаверса, бу жавоб билан Қиёмат вақти ҳақидаги билим муболағали кўринишда йўққа чиқарилган. Яъни келажакда ҳам бу ҳақда савол-жавоб бўлмаслиги учун: «Эй Жаброил, мен расулларнинг, сиз эса малоикаларнинг энг афзали бўла туриб, Қиёмат вақти борасида илмсиз эканмиз, бошқалар ҳам бу илмдан бехабар экани аниқдир», деб бу эшик бутунлай ёпилган.

6. Кейинги савол Қиёматнинг аломатлари ҳақида бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом Қиёматнинг икки аломати ҳақида хабар бериб, «Чўри ўз хожасини туғиши ҳамда ялангоёқ, яланғоч, йўқсил ва қўйчивонларнинг кимўзарга бино қуришини кўришинг», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чўри ўз ҳожасини туғиши» деган сўзлари ота-онага оқ бўлишга ишорадир. Бунда Қиёматга яқин фарзандларнинг ота-онасига нисбатан муомаласи худди хожаларнинг ўз қулларга кўрсатилган муомаласи каби бўлиши айтиляпти.

Кейинги аломат камбағал ва ночор инсонлар иморат қуришда мусобақалашишидир. Шунингдек, пасткаш ва шарафсиз инсонлар шарафлилардан устун бўлиши, муносиб бўлмаган кишилар юқори лавозимларга келиши ва бошқарув ишлари сиёсатни тушунмайдиганларнинг қўлига ўтиб кетишига киноядир. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қачон иш ўз аҳлидан бошқаси топширилса, Қиёматни кутавер», деганлар.

Бу савол-жавоблар тугагач Жаброил алайҳиссалом кетди. Сўнгра Пайғамбаримиз Умар розияллоҳу анҳудан сўровчи кимлигини сўрадилар ва «У Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келибди», дедилар.
Пайғамбар алайҳиссалом айнан у кишига юзланишларининг сабаби Умар розияллоҳу анҳу бир юмуш билан ташқарида эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқа саҳобаларга мазкур киши кимлигини айтиб бўлган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу келганидан сўнг у кишига ҳам Жаброил алайҳиссаломни қайта таништирдилар.

Бу саҳоба розияллоҳу анҳумларга Ислом, иймон ва эҳсон ҳақида таълим берган ҳадисдир. Бу ерда Пайғамбар алайҳиссалом муаллим эдилар. Жаброил алайҳиссаломнинг муаллим дейилиши эса мажозий эътибордандир.
Бу воқеа видолашув ҳажидан сўнг содир бўлган. Ушбу ҳадисни Умар розияллоҳу анҳудан ташқари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам ривоят қилган. Лекин лафзлари ўртасида фарқ мавжуд.
Бу ҳадисда бир қанча фойдалар бор:
– Жаброил алайҳиссаломнинг оппоқ либосда келиши толиби илмнинг чиройли ва покиза либосда бўлиши лозимлигига эътибор қаратиш эди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ бирор дарс ўртасида чиқиб кетса, янги либос кийиб қайтар экан;
– Жаброил алайҳиссаломнинг соч-соқоллари тим қора бўлгани илмни ёшликда, куч-қувват бор пайтда эгаллашга ишорадир;
– Жаброил алайҳиссаломнинг чўкка тушиб ўтиришида устознинг олдида ўтириш одобларига риоя қилишга ишора бор;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб ўтириш билан Жаброил алайҳиссалом илм олишда имкон қадар устозга яқин бўлишни кўрсатиб берди. Шу эътибордан, олди қаторда жой бўлса, орқа қаторга ўтиб олмаслик лозим;
– Жаброил алайҳиссаломни саҳобалардан ҳеч ким танимагани илм олиш даврида танишлар кўп бўлмаслиги, имкон қадар одамлар билан кам мулоқотда бўлишга ишора бор. Чунки таниш ва дўстларнинг кўп бўлиши вақтнинг бекор ўтиши ва илмдан қолиб кетишга сабаб бўлади;
– Жаброил алайҳиссалом икки қўлини Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки сони устига қўйгани ва у зот алайҳиссалом уни жеркиб бермаганлари айрим талаба ёки савол сўровчилар томонидан баъзан қўполлик, хато-камчиликка йўл қўйилганда кечиримли ва камтарин бўлиш;
– Толиби илмнинг устозга фойдали ва имкон қадар кўпчилик учун манфаатли саволни бериши;
– Билмаганни сўрашдан уялмаслик;
– Илмни устоздан ўрганиш. Илмни устоздан ўрганиш муҳим бўлгани учун давлат томонидан мактаб, коллеж, институт ва университетлар ташкил этилади, у жойларда дарс бериш учун устозлар жалб қилинади. Тиб, физика, химия, ҳандаса ва диний илмлар китоб ўқиш билан ҳосил бўлмайди. Бу борада устознинг ўрнини катта;
– Жаброил алайҳиссалом саволларини бериб, жавоб олиб бўлгач кетдилар. Бундан мақсад ҳосил бўлгач, кетиш лозимлиги тушунилади;
– Чиройли саволнинг ўзи ҳам илм ва таълим бериш ҳисобланади. Чунки Жаброил алайҳиссалом фақат савол бердилар. Шундай бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уни муаллим дедилар. Шунинг учун «Савол ҳам ярим илмдир», деб бежиз айтилмаган.
– Ҳадиснинг охирида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У Жаброилдир, сизларга динингизни ўргатгани келибди», дедилар. Мазкур уч нарса, яъни ақида, жисмимизнинг зоҳирига ва қалбга тегишли масалалар мажмуаси дин ҳисобланади. Буларнинг бирортасидан юз ўгириш сабабли дин ноқис бўлиб қолади.

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ
Имом Бухорий номидаги
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси