Ҳиндистонлик олим Муҳаммад ибн Абдул Бакр Абдул Қодир ҳазратлари «Hilol Nashr»да

2023 йил 11 декабрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжидига Ҳиндистон бош муфтийси, машҳур олим, «Сунний маданият маркази» раҳбари, фазилатли шайх Абу Бакр Аҳмад ҳазратларининг ўринбосарлари Муҳаммад ибн Абдул Бакр Абдул Қодир ҳазратлари ташриф буюрдилар. 

Азиз меҳмонга «Hilol Nashr» матбаа-нашриёти директори Абдулвоҳид Саттиев ҳамроҳлик қилди. Шайх Муҳаммад ибн Абдул Бакр ҳазратлари масжид хонақоҳи ва у ердаги қулай шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдилар. Зиёрат асносида меҳмон пешин намозини адо этиб, юртимиз ҳақига хайрли дуолар қилдилар.

Сўнгра шайх Муҳаммад ибн Абдул Бакр Абдул Қодир ҳазратлари «Hilol Nashr» матбаа-нашриётининг бош дўконига ташриф буюриб, бу ердаги диний-маърифий, адабий-бадиий асарлар билан танишдилар. Шунингдек, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг илмий мерослари ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.

Меҳмон зиёратлари давомида Islom.uz порталининг иш фаолияти ва Hilol Media маркази, хусусан, тасвирга олиш майдончаси, овоз ёзиш студияси ҳамда бошқа жараёнларни ҳам кўздан кечирдилар.

Шундан сўнг азиз меҳмон Янги аср университети нодавлат олий таълим муассасасига ташриф буюрдилар. Меҳмонни университет ва GRAND TA’LIM раҳбари Музаффар Саттиев кутиб олиб, таълим муассасаси, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва унинг фаолияти билан таништирди.

Ташриф якунида меҳмон мезбонларнинг самимий ва илиқ муносабатларидан миннатдор бўлиб, эътибор ва эътироф учун барчага ташаккур изҳор этдилар.