Мусҳафи шарифнинг катта ўлчамдагиси нашрдан чиқди!


«Hilol Nashr» ва «Дорул Ғавсоний» нашриётлари ҳамкорлигида чоп қилинган мусҳафи шарифнинг катта ўлчамдаги (25 см x 35 см) нашри сотувга чиқди!


Ушбу мусҳафнинг аввалги нашри билан фарқи унинг ўлчами катталигидадир. Бу ёши улуғлар, шунингдек, ҳажми катта шрифтда ўқишга ўрганган ўқувчилар учун қулай бўлади, деб умид қиламиз.

Мусҳафдаги ҳарфдан бошқа белгилар ушбу илм мутахассислари имом Танасийнинг «Ат-Тироз ъала зобтил-харроз» китоби асосида қабул қилган йўсинда олинди. Бунда Андалусия ва Мағриб уламолари қўллаган белгилар ўрнига Халил ибн Аҳмад ва у зотга эргашган Машриқ уламолари қабул қилган аломатлар танланди.


Оятлар ва уларнинг адади кўфаликлар услубида ‒ имом Шотибийнинг «Нозиматуз-зуҳр» китоби ва оятлар хусусида ёзилган бошқа асарларда Абу Абдурраҳмон Суламийдан, у Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилган ривоят асосида белгиланди. Унга кўра оятлар сони 6236 тадир.

 

Вақф аломатлари ушбу мусҳафни тайёрлаш гуруҳи томонидан маъноларнинг тақозосига кўра, тафсир ва вақф-ибтидо уламоларининг сўзларидан келиб чиққан қарорлар асосида қўйилди.


Сажда оятлари ва уларнинг ўринлари фиқҳ ва ҳадис китоблари асосида қайд қилинди. Улардан бештасида уламолар ихтилоф қилган бўлиб, ушбу мусҳафда уларга ишора қилинмаган. Бу оятлар – Ҳаж сурасидаги иккинчи сажда ояти ҳамда Сод, Нажм, Иншиқоқ ва Алақ сураларидаги сажда оятларидир.