Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Мўмин қўрқоқ бўладими?» дейилди.

«Ҳа», дедилар. 

«Мўмин бахил бўладими?» дейилди.

«Ҳа», дедилар.

«Мўмин ёлғончи бўладими?» дейилди.

«Йўқ», дедилар».

Молик ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар.

Қўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтиш лозимки, кимда бу иллатлар мавжуд бўлса, энг аввало ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда, Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқоқлик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради.

Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради.

Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан.

Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, миқдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.

«Ёлғон» китобидан