СИЙРАТ 

НУБУВВАТ ХОНАДОНИДАН МУҲАББАТ ҚИССАСИ

(Давоми, боши аввалги сонда)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар учун тўланган товонларни кўздан кечирар эканлар, бир таниш қутичага кўзлари тушди. «Бу кимга тегишли?» дедилар. «Абу Осга, Зайнаб юборибди», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам идишни очиб, ундаги маржонни кўрдилар-у, бехос кўзларига ёш қалқиб, бир зум жим туриб қолдилар. У зот бу маржонни илк бор вафодор аёллари Хадижа розияллоҳу анҳога уйланган кечалари унинг бўйнида кўрган эдилар. Кейинроқ тўнғич қизларини узатишда унга ушбу тақинчоқ насиб этганида, онасидек бахт топса ажаб эмас, деган маънода шодлангандилар. Бугун эса унинг товон сифатида тақдим этилганини кўриб, қалблари эзилди. Хадижа розияллоҳу анҳо билан ўрталаридаги муҳаббат, қизлари билан куёвлари ўртасидаги садоқат хаёлларидан ўтди. Бироқ, у зот ҳамиша адолатпешалик қилганлари учун ҳаққоний ҳукм айтдилар: «Бу Зайнабнинг тақинчоғи, унга буни онаси берган эди. Онасидан унга мерос бўлиб қолган ягона ёдгорлик шу. Агар истасангиз, асирини озод қилиб, тақинчоғини ҳам қайтариб берсангиз, хурсанд бўлар эдик. Йўқ десанглар, ҳақ сизники, ҳукм сизда», дедилар.

Саҳобаи киромлар ҳеч иккиланмай, тақинчоқни эгасига қайтаришга рози бўлишди: «Бош устига, хурсандчилик билан қиламиз буни, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Тўлов учун берилган бошқа нарсалар қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Осни четга тортиб, «Аллоҳ менга мусулмон билан мушрик ўртасида никоҳ дуруст бўлмаслигини ваҳий қилди. Сен Исломга кирмас экансан, Зайнаб энди сенга ҳалол бўлмайди. Шу боис, борган заҳотинг уни Мадинага чиқариб юборгин. Мен одам юбораман, Макка ташқарисида улар Зайнабни кутиб олишади», дедилар. Абу Ос «Хўп», деб ваъда берди ва маржонни олиб, Маккага қайтди.

Маккада мушриклар Бадрдаги мағлубиятларидан ниҳоятда аламзада, мотам тушкунлигида эди. Шунга қарамай, Абу Ос ваъдага мувофиқ Зайнабни сафарга ҳозирлади. Абу Ос маҳбубасидан айрилишни сира истамас эди, аммо у қизнинг отасига ваъда берган, вафо қилиши керак. Зайнаб ҳам маҳбубидан айрилишни асло хоҳламасди, аммо Аллоҳнинг амрига бўйсуниши лозим. Бир-бирларисиз яшашни хаёлларига ҳам сиғдира олмасалар-да, бирлари инсоний бурч, иккинчилари иймоний мажбурият юзасидан ўз истагини қурбон қила олди: муҳаббатлари қанчалар жўшқин, мустаҳкам бўлмасин, вафо ва итоатни ундан устун қўя олдилар. Бу ҳам уларнинг олийжаноблигидан эди.

Ўша пайтдаги вазиятдан келиб чиқиб, Абу Ос маҳбубасини элчиларга етказишни укаси Кинона ибн Рабиъга топширди. У: «Зайнабнинг мен учун қанчалар қадри юксаклигини яхши биласан, унга бирор кор-ҳол бўлса, мен асло чидолмайман, уни ўз маҳрамингдек асра... Яхшилаб қуролланиб ол, ўқинг тугагунча ва қиличинг сингунича уни ҳимоя қил, бирор тола сочи ҳам тўкилмасин», деб тайинлади. Кинона куппа-кундузи келинойисини улов устидаги ҳавдажга ўтирғизиб, қиличу камонини олиб, йўлга тушди.

Мушриклар бирон кишининг Маккадан кетиб, мусулмонлар сафига қўшилишини исташмас, шунинг учун мусулмонларнинг ҳижрат қилишига ҳамиша қаршилик кўрсатишарди. Зайнабнинг шаҳардан чиқариб юборилаётганини кўрган мушриклар ёпирилиб келиб, уларни қуршовга олишди. Ҳаббор ибн Асвад ва Нофиъ ибн Абдуқайс деган кимсалар Зайнабга ташланди. Шунда унинг улови ҳуркиб, ўзи қаттиқ қўрқиб кетди, натижада ҳомиласи нобуд бўлиб, ёмон аҳволга тушиб қолди. Кинона ниҳоятда мерган йигит эди. У камонини отишга ўқлаб туриб, «Аллоҳга қасамки, ким яқинлашса, шу ўқни бўғзига қадаб қўяман!» деб бақирди. Ҳамма тўхтаб қолди.

Шу пайт Абу Суфён етиб келди. У Кинонага: «Ҳой жиян! Сен ҳозир нотўғри иш қиляпсан. Зайнабнинг отасига жангда мағлуб бўлиб, қаттиқ зарба еганимизни биласан. Ҳозир унинг қизини ҳамманинг кўз ўнгида олиб чиқиб кетсанг, қолган араблар бизни қўрқоқ деб маломат қилишади, бизни калака қилган бўласан. Бир-икки кун ўтсин, одамлар Муҳаммаднинг қизини кетказмай, орқага қайтариб юбордик, деб хотиржам бўлсин. Кейин кечаси ҳеч кимга билдирмай чиқариб юбораверасан, бизнинг у билан ишимиз йўқ», деди. Кинона унинг сўзларини қабул қилди. Икки-уч кеча ўтгач, тунда Зайнабни Зайд ибн Ҳориса ва унинг шеригига эсон-омон топширди.

Зайнаб розияллоҳу анҳо Мадинага келгач, унга манаман деган қурайшийлардан, наслу насаби, мақоми энг юксак кишилардан совчилар бўлди. Аммо Зайнаб уларнинг бирортасини яқинлаштирмади. У фақат кўз очиб кўрган ёри мусулмон бўлиб, оиласи қайта тикланишини кутиб яшарди.

Бу орада ўғли Алий вафот этиб, Зайнаб ёлғиз қизи Умома билан қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ниҳоятда эҳтиётлар, Умомани ўзлари кўтариб, ўйнатар, отаси йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто бир гал қизчани кўтарганча намозга туриб, одамларга имомлик қилган эдилар.

Ҳижратнинг еттинчи йилида Абу Ос савдо иши билан Шом томон сафарга чиқди. Йўлда унинг карвони мусулмонлар тарафидан қўлга олинди, чунки бу пайтда Макка мушриклари мусулмонларга тинимсиз душманлик қилиб, уларнинг мол-мулкини талон-торож қилиб, ҳар тарафдан ҳужум қилаётган эди. Абу Ос саҳобалардан қочиб, яшириниб олди ва тонгга яқин Мадинага кириб, Зайнабнинг уйини топиб борди. Эшикни тақиллатган эди, «Ким у?» деган таниш овоз янгради. У маҳбубасининг кўнглини эҳтиётлаб, «Мен холангизнинг ўғли, болаларингизнинг отаси Абу Осман», деди, «Эрингман ёки собиқ эрингман», демади.

Зайнаб бу сўздан бениҳоя қувониб кетди. Эшикни очиб, меҳмонни ичкарига олар экан, кўзлари чақнаб: «Исломни қабул қилиб келдингизми?» деб сўради. Абу Ос: «Йўқ, қочиб келдим», деди. Зайнабнинг эндигина ёришган юзлари яна сўлиб қолди. Бироқ буни меҳмонга сездирмасликка ҳаракат қилди. Дарҳол ўзини ўнглади-да, «Майли, ҳеч хижолат бўлманг, сиз холамнинг ўғли, болаларимнинг отасисиз, уйимизнинг тўри сизники», деб, унга ўтириш учун жой ҳозир этди. Бироқ ўртада никоҳ йўқлиги боис бундан ортиқ эътибор қила олмади. Аммо ўз истагини яширмади: «Мусулмон бўлсангиз бўлмайдими? Биз сизни кутмоқдамиз», деб ялинди. Абу Ос кўнмади.

Тонг отиб қолди. Масжидда аёллар орқа сафда турар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоатга имом бўлиб, бомдодни ўқиб берар эканлар, салом берганларидан сўнг аёллар тарафдан Зайнабнинг овози эшитилди: «Мусулмонлар! Мен Абу Осни ҳимоямга олдим, сизлар ҳам уни ҳимоянгизга олинг!»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга қараб, «Мен эшитган гапни сизлар ҳам эшитдингизми?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «У ҳолда билиб қўйинглар, мусулмонларнинг энг қуйи табақасидаги кишининг ҳимояси ҳам энг юқори даражадагисининг ҳимояси билан бир хил кучга эга, бирдек риоя қилиниши лозим», дедилар. Кейин Зайнаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Абу Ос узоқ олинса, холамнинг ўғли, яқин олинса, болаларимнинг отаси, мен уни ҳимоямга олдим, сиз ҳам ҳимоянгизга олсангиз», деди. У зот: «Албатта, қизим. Абу Осдан биз фақат садоқат кўрдик, у ростгўй инсон. Сен унинг ҳурматини жойига қўй, ош-овқатига қара. Аммо орангизда никоҳ йўқ, буни унутма», деб тайинладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вазиятдан хабар топгач, карвонни тутиб келган саҳобаларга: «Биласиз, Абу Ос бизга қарашли одам. У менга сўзлаганда рост сўзлади, ваъда берганда вафо қилди. Агар хўп десангиз, унга молларини қайтаринглар, юртига борса, ажаб эмаски, мусулмон бўлса. Мана шуниси менга суюклироқ-да. Бордию, бунга рози бўлмасангиз, ҳақ сизники, мен сизларни маломат қилмайман», дедилар. Саҳобалар: «Хўп бўлади, эй Аллоҳнинг Расули, биз унга молларини қайтариб берамиз», дейишди.

Зайнаб: «Нега бунча азоб, эй Абу Ос? Бизнинг фироқимиз сизга арзимасми ё? Мусулмон бўлиб, биз билан бирга қолсангиз-чи!» дер эди. У эса «Аллоҳ бир йўлга бошлар», деди-ю, қайтиб чиқиб кетди.

Абу Ос Маккага келиб, Каъба яқинида молларни ўз эгаларига топширди. Сўнг: «Ҳой одамлар! Менда бирортангизнинг ҳаққи қолдими?» деди. Улар: «Йўқ, Аллоҳ хайрингни берсин, биз сенинг ниҳоятда вафоли, карамли инсон эканингни кўриб турибмиз», дейишди. Шунда Абу Ос: «Ундай бўлса, эшитинглар! Мен бугундан мусулмон бўлдим; Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бераман», деди-да, ҳамшаҳарлари билан хайрлашиб, она юртини тарк этди.

Абу Ос Мадинага тонг пайти етиб келди. Бомдод намозидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Кечагина сиз менга омонлик берган эдингиз, бугун мен олдингизга мусулмон бўлиб келдим: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расули деб гувоҳлик бераман», дея мусулмон бўлганини эълон қилди. Сўнг ниҳоятда юксак одоб билан: «Эй Аллоҳнинг Расули! Зайнабнинг ҳузурига қайтишимга изн берсангиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб кетди, «Юр мен билан» деб, уни Зайнабнинг уйига олиб бордилар ва эшикни тақиллатиб туриб, «Қизгинам, холангнинг ўғли Абу Ос сен билан қайта турмуш қуриш учун изн сўрамоқда, қабул қиласанми?» дедилар. Зайнаб бир сўз демади, аммо кулчадек юзлари ловуллаб, қизариб кетди, енгил табассум қилди...

Абу Ос ҳам, Зайнаб ҳам дунёга қайта келгандек бўлишди. Етти йиллик айрилиқдан буён бир-бирига талпиниб юрган қалблар яна розлашди, бир-бирини соғинган юраклар қайта қовушди. Улар худди янги турмуш қурган келин-куёвлардек бахтиёр эдилар. Абу Ос вафодор маҳбубаси билан бу дунёда яна бирга яшаётганидан шодланса, Зайнаб бу жўмард ёри билан жаннатда ҳам бирга бўлиш имкониятига эга бўлганидан мамнун эди.

Бироқ, бу хурсандчилик узоққа чўзилмади...

Зайнаб розияллоҳу анҳо Мадинага ҳижрат қилаётганида боласи нобуд бўлгани ортидан беморликка чалиниб қолган эди. Дард уни енгиб қўйди. Умри қисқа экан, қайта никоҳига бир йил тўлиб-тўлмай, фоний дунёни тарк этди. Ўшанда у эндигина 30 ёшни қоралаган эди. Жанозасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар.

Абу Ос бу сафарги айрилиқни кўтара олмай қолди. У барваста, бақувват йигит ҳолида маҳбубасининг фироқида зир титраб йиғларди. Ҳамма уни юпатишга уринар, кўнглини кўтаришга ҳаракат қилар эди. Ҳатто қайнотаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам унинг бошини силаб, юпатишга тушдилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен бу айрилиққа тоқат қила олмайман, Зайнабсиз бу дунёда яшолмайман!» деб йиғларди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога риҳлат қилганларидан бир йил ўтар-ўтмас, Абу Ос розияллоҳу анҳу ҳам вафот этиб, иншааллоҳ, жуфти ҳалоли, маҳбубаси Зайнаб розияллоҳу анҳо билан илийюнда абадий қовушди.

Икковларига ҳам Аллоҳнинг розилиги ва жаннати бўлсин!

 

Хулоса

Қиссадан олинадиган ҳисса ушбу гўзал муҳаббат қиссаси шу мавзудаги кўплаб ҳикоялардан бир неча жиҳатлари ила фарқ қилади:

‒ бу қисса хаёлий эмас, ҳаётийдир. Унинг энг катта ютуғи ҳам шунда. Унда шахслар ҳам, воқеалар ҳам, гап-сўзлар ҳам ҳаётда бўлиб ўтган, тўқима эмас. Бу қисса ҳаётий бўлгани боис ундан ибрат олиш, ундаги маъноларни ҳаётга кўчириш ва шу орқали бахтли оила барпо этиш мумкин. Хаёлий ҳикояларда эса бунинг иложи йўқ: аввало улардаги фикр ва амалларни ҳаётга татбиқ этиб бўлмайди, агар зўракилик билан қўллаб кўрилса, натижа акс бўлади, ҳаёт издан чиқади.

‒ бу муҳаббат ҳалол-пок, никоҳ риштаси орқали боғлангани билан эътиборга сазовордир.

‒ қисса қаҳрамонларининг муҳаббати қанчалар юксак, туғёнли бўлишига қарамай, улар бу кучли туйғуни иймон ва инсонийлик мезонига бўйсундира олганлар. Бу ҳам ҳаётий муҳаббатнинг белгиларидан, омилларидандир ва ҳар бир инсон учун ибратдир.

‒ қиссада ҳақиқий муҳаббат ‒ вафо ва фидокорлик намуналари акс этган. Ҳозирда муҳаббат деса фақат севги даъвоси, ўлдим-куйдим деган қуруқ гап-сўзлар тушуниладиган бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Бу тасаввур одамлар ўқиб, эшитиб юрган муҳаббат қиссалари туфайли вужудга келганида шубҳа йўқ. Бу билан муҳаббатни арзон, хашаки тушунчага олиб келиб қўйилди, севги деган юксак туйғу сийқаси чиққан сўзга айланиб кетаёзди. Натижада, ёшлар ўзаро муҳаббат деганда фақат шунақа куйдим-ёндим деган изҳорлару енгил-елпи ҳаракатларни тушуниб қолмоқда ва оилавий муносабатларда ҳам шунга қараб интилмоқда. Бунинг оқибатида оилада ҳақиқий севги ‒ фидокорлик, вафодорлик йўқолиб бормоқда, эр-хотин бир-биридан фақат зоҳирий муносабатларни талаб қилишга уринмоқда. Мазкур қиссада эса муҳаббат қуруқ тилда эмас, балки дилда ва амалда бўлгани учун ҳам ибратлидир.

‒ қисса қаҳрамонларининг муҳаббати қанчалар жўшқин, оташин бўлмасин, гап-сўз ва ҳаракатлари ниҳоятда пардали, иффатли кечган. Уларнинг муҳаббати никоҳ билан, ҳалол-пок бўлса-да, улар бу севгини кўз-кўз қилишга ружу қўйишмаган, изҳорида ҳаддан ошишмаган. Уларнинг муҳаббати қанчалар кучлилиги феъл-атворларида, фидокорликларида кўринган, айрим гап-сўзларидан сезилган, аммо ўзлари бу севгини баралла намойиш этишдан ийманишган, уни қалбларида асрашган. Балки улар бу гўзал муҳаббатни ҳам бошқалардан қизғанишгандир.

Бу муҳаббат қиссасидан кўплаб маънолар, хулосалар олиш мумкин. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиз тарбиясида ҳам барчамизга энг гўзал ўрнак эканларини англаш лозим.

Зайнабдаги беғубор муҳаббат, вафо, садоқат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган, балки бу ота-онанинг тарбияси билан шаклланган, чунки у ана шундай меҳру вафо ошёнида униб-ўсган эди. «Онасини кўриб, қизини ол», деганларидек, у жуфти ҳалолига садоқат кўрсатишни, ўзни фидо қилишни онасидан ўзлаштирган бўлиши табиий.

Тўнғич қиз одатда кўпроқ отага ўхшайди, дейди жамиятшунослар. Ҳа, Зайнабдаги одамийлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларидан бир инъикос десак, хато бўлмайди.

Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам қизлари Зайнабнинг оиласига қилган вафосини, фидокорликларини қўллаб-қувватладилар, ҳамиша ардоқладилар. Агар у зот бироз норизо бўлсалар, ишлар тамоман бошқача бўлиши аниқ эди. У зотнинг куёвга бўлган эҳтиромларини кўринг! Бунда ҳам гўзал ўрнак бор. Ҳар бир тасарруфи, ҳар бир сўзи ваҳий асосида бўлиб турган зотнинг ушбу оилавий тутумларидан жуда кўп хулоса олсак бўлади. Буларнинг барчаси ўз навбатида қиз ўстираётган оталар учун ҳам ибратдир.

Нубувват боғининг муаттар гули Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ахлоқу вафосини кўринг! Унинг итоату садоқатини, камсуқум-камтарлигини қаранг! Кимсан башарият саййидининг, охирзамон Пайғамбарининг катта қизи, кейинроқ эса Мадинанинг маликаси, ақлу заковатда, ҳусну латофатда тенги йўқ ноёб аёл! Лекин у бирор марта катта кетмади, ўзини эридан устун олмади. Эри мушрик бўлганида ҳам унга садоқату вафо кўрсатди, фидокорлик қилди, яхши хислатларини ардоқлади. Бўлмаса, агар у турмушга чиқаман деса, ҳеч қачон кўчада қолмас эди, энг олийқадр саҳобалар унга харидор бўлиши аниқ эди. Лекин у вафо йўлини танлади.

Набавий хонадонга оид ушбу гўзал оила мисолида эр-хотинлик муносабатлари бугунгидек, фақат ҳуқуқ ва бурч талашиш устига қурилмаслигини, балки ўзаро вафо ва фидокорлик асосида бўлишини яққол кўриш мумкин. Бунинг тафсилотини айтаман деcак, гап жуда чўзилиб кетади. Ҳар бир ақлу фаросатли, инсофу адолатли инсон бу қиссадан керакли хулоса чиқариб олиши мумкин.

Афсуски, айрим кишилар бугунги кунда эр-аёл ҳуқуқларини кўпроқ баён этиб, хусусан, аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринишлардан нотўғри хулоса олиб, оилавий муносабатларни фақат ҳуқуқий алоқа даражасига тушириб қўйишмоқда. Бу ҳолат, айниқса, муслималик номи билан танилган, оз-моз китоб кўриб, ўзини илмли фаҳмлаб қолган опа-сингилларимизда кўп кузатилмоқда. Уларга қўшилиб, бечора ота-она, ака-укалар ҳам курашга камарбаста бўлиб, кейин эса ўзлари ноқулай ҳолатларга тушиб қолишмоқда. Ҳа деса, «Ана, Пайғамбаримиз аёлларига бундай қилган эканлар, саҳобалар бундай бўлишган экан», деган гапдан сўз олишади. Аммо улар нубувват хонадонидаги аёллар қанчалар вафо, фидойилик ва сабру қаноат кўрсатганларини билишмайди ёки билишни исташмайди. Саҳобиялар эрлари олдида худди хожаси ҳузуридаги чўри каби турганларини эслашмайди. Шариатда қозиётга доир ҳуқуқлардан ташқари диёнат юзасидан ҳуқуқлар ҳам борлигини унутиб қўйишади. Эркаклар шаръий бурчи бўлмаган, аёлнинг ҳаққи бўлмаган қанча имтиёзларни мурувват юзасидан ҳозир этишларини ҳисобга олишмайди, бундай пайтда ҳуқуқий чегараларни эслашмайди. Эрлардан саҳобийлардек бўлишни талаб қилаётган ойимлар ўзлари саҳобиялардек эмасликларини асло ўйлашмайди. Ривоятларда келган айрим хабарлар умр мобайнида бир-икки бор содир бўлган ҳолат бўлганини, умумий ҳаёт тарзи ундай бўлмаганини англашмайди. Мазкур қиссада нубувват хонадонида оддий ҳол бўлган, аммо кўпчиликнинг назаридан четда қолган ана шундай чинакам исломий ҳаёт лавҳалари ёритилгани ҳам эътиборга сазовордир.

Хулоса қилиб айтганда, биз динимиз ҳақида гапирганимизда фақат қатъий ҳукмлар, оилавий муносабатлардаги ҳақ-ҳуқуқлардан сўзлайвермай, мана шундай гўзал ҳаётий қиссалар, чин севги-муҳаббат намуналари билан суҳбатларимизни, ҳаётимизни безаб боришимиз даркор. Одамларни эзгуликка чорлаб, ёмонликлардан қайтарар эканмиз, уларга фақат қўрқув солиб эмас, балки қалбларида муҳаббат пайдо қилиш орқали мақсадга интилишимиз керак.

Биз исломиятнинг мана шундай ҳассос, ширин ҳис-туйғуларга бой нуқталарини ҳам баён этиб боришимиз лозим. Зеро, инсон шу каби тотли шуурлар билан ҳаётидан лаззат туяди, турмушнинг зарбаларига чидам беради, тирикликнинг аччиқликларини ҳазм қилади, оғирликларини кўтаради.

Севги қиссалари инсонларни қадимдан ўзига маҳлиё қилиб келган. Айниқса, ҳозирда кўплаб китобхонлар, хусусан, ёшлар, ёш қизлар хилма-хил муҳаббат қиссаларини севиб ўқишга одатланишган. Бироқ, бундай асарларнинг аксарида никоҳдан ташқари муҳаббат, ахлоқсизлик, бебошликка тарғиб бор. Китоб аслида инсоннинг маънавиятини шакллантириши керак, аммо мазкур асарлар ёшларнинг онгини зимдан заҳарлаши, уларнинг дунёқарашларини бузиши турган гап. Бунинг олдини олишнинг энг яхши усули ‒ ҳалол севги, оилавий муҳаббат намуналарини тараннум этишдир. Ана шунда мўмин-мусулмонлар тўқима, бузуқликка ундовчи «муҳаббат» қиссаларини эмас, балки ҳалол ва ҳаётий севги ҳикояларини ўқиб, бу борадаги руҳий чанқоқликларини ҳам қондирадилар, ундан гўзал ибрат ҳам оладилар.

Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқу ҳидоят, ихлосу муҳаббат насиб этсин.

Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД

«Ҳилол» журналининг 12 (33)-сонидан