Адиб Аҳмад Муҳаммад Турсун «Hilol-Nashr» нашриётининг катта муҳаррирларидан эдилар. Нашриётда чоп қилинадиган деярли барча китобларда қатнашар, ёрдамларини аямас эдилар. Марҳумнинг бир нечта китоблари ҳам нашриётимизда чоп қилинган, жумладан «Ривоятлар китоби», «Ҳикматлар китоби», «Сиз қандай яшамоқчисиз?», «Кўҳна дунё ривоятлари», «Соҳилсиз денгиз», «Улуғлар шундай яшашган», «Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) содиқ Муҳаммад Содиқ, «Аҳмад амакининг сабоқлари» ва хоказо.

Бундан ташқари адиб «Hilol-Nashr» нашриётимиз томонидан ҳар ой чоп қилинадиган «Ҳилол» диний-маърифий, ижтимоий-адабий журналининг нашр ишларида бош-қош, «Олтин силсила» ҳадислар тўплами муҳаррирлар ҳайъати аъзоси эдилар. Марҳумнинг тарихда ўтган, дин учун жонини-да фидо қилган салафи солиҳларнинг ҳаётларини ёритиб берган туркум китоблари ҳам халқимиз китобхонларининг қалбидан чуқур жой олган эди. «Дунёни тебратган буюклар» туркум китоблари шулар жумласидандир.

Бугун охират диёрига риҳлат қилган ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун дин учун ана шундай хизматлар қилган эдилар. Аллоҳ таоло марҳумнинг охиратларини обод қилсин!

Жаноза бугун 18-май, 15.00 да «Кўкча» қабристонида ўқилади, иншааллоҳ