23 апрел -Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни
World Book and Copyright Day
   Ҳар йили 23 апрелда- Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни нишонланади. 1995 йил Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг Бош конференцияси китоблар ва муаллифларга эҳтиром билдириш мақсадида барчани, айниқса ёшларни, китоб ўқишдан ҳузур топишга ва инсониятнинг ижтимоий ва маданий ривожланишига кўмаклашганларнинг тенгсиз хиссасини ҳурмат қилишга чақирди ва шу кунни Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни деб эълон қилди. Бу қарор таълим, маданият анъаналарини англашни ривожлантириш, китоблар билимни тарқатиш воситаси ва уни сақлашни ишончли усули мақсадида таъсис этилди.

    Резолюцияда таъкидланишича, бу кунда китоб кўргазмалари, ярмаркалар ўтказиш самара беради. Китоб орқали биз нафақат билим оламиз, балки, фикрлаш, маънавий, ахлоқий қадриятлар билан танишиб борамиз. 

   Китоб  шунингдек, миллатлар, уларнинг удумлар ва анъаналари билан таништирувчи воситадир. У турли маданиятлар ва цивилизацияларни бирлаштирувчи кўприкдир. Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи кунини нишонлаганда, китобнинг барча халқларнинг  маданий ва маънавий  меросини асровчи ва бойитувчи аҳамиятига алоҳида эътибор бериш керак. 

   Дунёнинг кўпгина ерларида анъанавий китоб тақдимотлари, кўргазмалари, учрашувлар, турли маданий — кўнгил очар тадбирлар уюштирилади.  2001 йилдан бошлаб, бир шаҳар тайин этиб, унга бир йил давомида Жаҳон китоб маркази деган унвон бериш анъанага киритилган. 

     Жаҳон китоб пойтахти консултатив кенгашининг тавсиясига кўра, ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле Мексиканинг Гвадалахара  шаҳри 2022 йилги Жаҳон китоб маркази деб номланганини эълон қилди.

     Жаҳон китоб маркази бўлган шахарлардан — Мадрид (Испания), Искандария (Миср), Нью Дели (Ҳиндистон), Монреал (Канада), Богота (Колумбия), Байрут (Ливан), Любляна (Словения), Буэнос Айрес (Аргентина), Ереван (Арманистон), Бангкок (Таиланд) ва Шаржа (БАА) шаҳарларини эслаб ўтиш мумкин. 

  Ушбу санани нишонлаш мақсадида ўтказилаётган турли тадбир ва кўргазмалар йилдан йилга  ўсиб, унинг географияси кенгайиб бормоқда. Юртимизда ҳам бу кунда турли давралар, адабиёт вакиллари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этилади.