Menu
Your Cart

«Ислом энциклопедияси»

«Ислом энциклопедияси»
йўқ

«Ислом энциклопедияси»

(Сўз боши)

  Шарк ва Европа мамлакатларида ислом дини ва маданиятини ифодаловчи кўп жилдли энциклопедиялар қайта-қайта нашр қилинган. Республикамизда ҳам илк марта «Ислом» энциклопедияси 2004 йилда чоп этилган эди. Кўп сонли китобхонларнинг билдирган хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, ушбу энциклопедия кейинги йилларда исломшунослик фанида олиб борилган илмий тадқиқотлар ҳамда сўнгги маълумотлар асосида янгиланиб, бойитилиб, мақолаларнинг умумий адади қарийб икки баробарга кўпайтирилди ва таҳрир ҳайъати аъзолари томонидан шаклан, мазмунан қайта ишланган янги «Ислом» энциклопедияси сифатида нашрга тайёрланди.

  Мазкур энциклопедия ўзига хос хусусиятлари билан тубдан ажралиб туради. Хусусан, исломга дойр тушунчаларнинг мазмунини таҳлил ва талқин этишда кенг тарқалган ва етук исломшунослар томонидан эътироф этилган таърифу тавсифлар киритилди; ислом таълимотининг маданиятимиз ривожи, кадриятларимизнинг шаклланишидаги ўзига хос хусусиятлари, ислом маърифатининг ўзаро таъсири ёритилди; дунёга танилган машҳур ислом дини пешволари, азиз-авлиёларининг табаррук номлари билан боғлиқ муқаддас масканлар, масжид ва мадрасалар тўғрисидаги маколаларга кўпрок ўрин ажратилди; энциклопедияда нафақат мусулмон халклари, балки Ғарб мамлакатлари исломшунос олимлари ҳакида ҳам маълумотлар берилди; энциклопедиянинг дизайни ва ислом дини билан боғлиқ суратларга алохида эътибор берилиб, улар «Қуръони карим ва ҳадис китоблари», «Масжидлар», «Муқаддас қадамжолар», «Мадрасалар ва замонавий диний ўқув юртлари» каби рукнларга ажратилди.

  Таъкидлаш жоизки, энциклопедиядан фойдаланган китобхонлар ислом динининг моҳияти, унинг тарихи ва ривожланиш босқичлари, ислом дини билан боғлиқ муҳим сана ва воқеалар, ислом динининг мусулмон халқлари турмуш тарзи ва маданиятига таъсири, ислом дини фалсафаси ва маданияти ривожига муносиб хисса қўшган буюк муҳаддис, фақиҳ, муфассир, мутасаввиф алломалар ҳаёти ва ижоди, муқаддас масканлар, юртимиз ҳамда дунёдаги энг машҳур масжид ва мадрасалар ҳакида ҳар томонлама илмий асосланган, содда ва равон тилда ёзилган мақолалар оркали батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин.

  Аллоҳга беадад шукурки, Ватанимиз кундан-кунга илдам кадамлар билан ривожланиб, илғор мамлакатлар сафидан ўрин олмоқда. Халқимизнинг мустақиллик шарофати ила эришган тинч-осойишта, фаровон ҳаёти, шунингдек, тилимиз, динимиз, миллий кадрият ва анъаналаримизнинг кадр топиши, камолга эришиши Аллоҳнинг марҳаматидан далолат. Бугун илм-маърифат, моддий ва маънавий меросимизни асраб-авайлашга эътибор, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш - мамлакатимиз сиёсатида энг аҳамиятли ва устувор йўналишлардан бири.

  Виждон эркинлиги тўлиқ ҳуқуқий кафолатланган юртимиз фукаролари, улар қайси динга эътиқод қилишларидан қатъи назар, диний маросимларни ўтказишлари, ибодат қилишлари учун барча шароит ва қулайликлар яратилган. Турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар учун ибодатхона ва масжидлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётгани бунинг исботидир. Бунёд этилаётган масжидларимиз ўзининг юксак меъморий ечими, бетакрор ташки ва ички миллий безаклари, ибодат қилувчилар учун яратилган шарт-шароит, кулайликларнинг барчага манзур эканлиги билан юртдошларимиз, шунингдек, юртимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларда ҳам катта таассурот уйғотаётганлигини таъкидлаш жоиз.

  Аллоҳга шукурки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Қуръони карим ўзбекча таржима тафсири билан, 4 жилдли Ҳадиси шариф, 2 жилдли «Саҳиҳи Бухорий» кўп ададда чоп этилди, ислом дини ва ақида масалаларига оид асарлар нашр қилинди. Янги «Ислом» энциклопедияси ҳам диний мазмундаги нашрларнинг узвий давоми сифатида мутахассис ва китобхонларнинг диний тасаввурларини янада бойитади деган умиддамиз.

  Албатта, энциклопедия яратиш - кўп вақт ва меҳнат талаб қилинадиган машаққатли жараён. Лекин шунга қарамай, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриётининг ижодий жамоаси халқимизнинг маънавий юксалишини мақсад қилган ҳолда яқин йилларда кўп жилдли «Ислом» энциклопедиясини Сиз азиз китобхонларга тортиқ этиш ниятида.

  «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти «Ислом» энциклопедиясини тайёрлашда илмий-амалий ёрдам кўрсатган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университета, Тошкент ислом институти, Имом Бухорий халқаро маркази ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари марказига миннатдорлик билдиради.

  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 5760-сонли хулосаси асосида чоп этилди. 

Номи: «Ислом энциклопедияси»
Нашриёт:  «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти 
Сана: 2017 йил
ISBN: 978-9943-07-398-2
Хажми: 672 бет
Ўлчами: 70х90 1/32
Муқоваси: Қаттиқ

 

 

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Ислом энциклопедияси»
76,000 сўм
  • Stock: йўқ
  • Код: 523
  • Вазни: 1.59кг
  • ISBN: 9789943073982
Сотилган сони: 47
Кўрилган сони: 12146
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.