Menu
Your Cart

«Ислом шариатида мерос илми»

«Ислом шариатида мерос илми»
«Ислом шариатида мерос илми»
«Ислом шариатида мерос илми»
«Ислом шариатида мерос илми»

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан таржима қилинган «Ислом шариатида мерос илми» китоблари.


Муаллиф: Шайх Муҳаммад Алий Собуний
Таржимон: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2022 йил 
Ҳажми: 240 бет
ISBN: 978-9943-7545-4-6
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқова: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5163-сонли хулосаси ҳамда 2022 йил 27 сентябрдаги 03-07/7348 сонли хулосаси асосида тайёрланган


Таржимондан 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Расулуллоҳга салавот ва саломлар бўлсин!

Аммо баъд:

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига мансуб олимлар ҳам, қавмлар ҳам қадимдан ниҳоятда камтар бўлганлар. Мақтанишни ҳам, бошқаларни мақташни ҳам ўзларига унча эп кўрмаганлар. Шунинг учун ҳам ҳозирда баъзи бемазҳабларнинг ўз амаллари билан мақтаниши ва ўзларича «олим» деб билган уч-тўрт кишини осмонга кўтариб мақташлари мазкур ҳақиқатни билганлар учун жуда ҳам эриш туюлади. Аммо бу сирлардан бехабар кишиларни алдаб қўйиши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирда мазкур сохта мақтовларни кўпчилик тушунмаслиги ва уларга алданиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Худди бемазҳабларнинг «имом»лари ва «аллома»лари бор-у, аҳли сунна вал жамоаники йўқдек. Аслида эса ундай эмас. Аслида мусулмон умматининг ҳақиқий имомлари ва алломалари аҳли сунна вал жамоадан бўлган ва бўлиб келмоқда. Ана шу ҳақиқатни мусулмонлар оммасига англатиб туриш мақсадида Islom.uz интернет порталида алоҳида бўлим очиб, унда аҳли суннадан бўлган замонамизнинг кўзга кўринган олимлари ҳақида маълумотлар бериб борилаётган эди. Мазкур ишни янада кенгайтириб, сунний мазҳабларни маҳкам тутган ва бемазҳабликка қарши бўлган алломаларимиздан баъзиларининг ўзлари ва асарлари билан халқимизни таништириш, бемазҳабларнинг даъволари пуч эканини билдириш мақсадида бугунги кунда битилган ва ниҳоятда зарур бўлган китоблардан баъзиларини таржима қилиб, чоп этишни маслаҳат қилган эдик. Аллоҳ таолога ҳадсиз-ҳисобсиз шукрлар бўлсинким, мазкур режамиз ўз самарасини бера бошлади.

Сиз муҳтарамларга замонамизнинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлмиш шайх Муҳаммад Алий Собуний ҳазратларининг китобларидан бирини тақдим этиш бахтига муяссар бўлиб турибмиз.

Шайх Муҳаммад Алий ибн шайх Жамил Собуний ҳазратлари милодий 1930 йилда Суриянинг илм ва уламолари билан машҳур бўлмиш Ҳалаб шаҳрида, диндор уламо оиласида дунёга келдилар. Оталари ҳам Ҳалаб шаҳрининг буюк олимларидан эдилар.

Шайх Собуний ҳазратлари араб тилига оид илмларни, фароиз ва бошқа диний илмларни оталаридан ўргандилар. Қуръони Каримни эса мактабда ёд олишни бошлаб, ўрта таълим босқичида тўлиқ ёд олиб битирдилар.

Шайх Собуний ақлларини танишлари биланоқ Суриянинг катта олимларидан сабоқ олиб, илмга муҳаббат руҳида улғайдилар.

Энг кўзга кўринган устозлари:

1. Фазилатли шайх Муҳаммад Нажиб Сирож;

2. Фазилатли шайх Аҳмад Шаммоъ;

3. Фазилатли шайх Муҳаммад Саъид Идлибий;

4. Фазилатли шайх Роғиб Таббох;

5. Фазилатли шайх Муҳаммад Нажиб Хиёта (қорилар шайхи).

Булардан ташқари баъзи устозларининг масжидига, уйига ҳам қатнаб, дарс олар эдилар.

Шайх Муҳаммад Алий Собуний ўрта мактабни тамомлагач, тижоратга ихтисослашган мактабга ўқишга кирдилар, сўнг Ҳалабдаги Хусравийя номли шаръий илмлар мактабини тамомладилар. Бу мактабда тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, фароиз илмлари билан бирга кимё, физика, алжабр, ҳандаса, тарих, география ва инглиз тили ҳам ўргатиларди.

Шайх Муҳаммад Алий Собуний 1949 йили ушбу мактабни аъло баҳолар билан тамомлагач, Сурия вақф вазирлиги у кишини ўз ҳисобидан Қоҳирадаги Азҳари шариф дорилфунунига ўқишга жўнатди. Шайх Собуний 1952 йили бу таълим даргоҳини ҳам муваффақиятли тамомлаб, шариат куллиётининг дипломини қўлга киритдилар, 1954 йилда эса Азҳари шарифнинг шаръий маҳкама ихтисоси бўйича фан доктори илмий даражасига сазовор бўлиб, ватанга қайтдилар.

Шайх Собуний 1955-62 йиллар давомида Ҳалабдаги ўрта мактабда дарс бердилар.

Шундан сўнг Сурия таълим вазирлиги шайх Собуний бошчилигидаги бир гуруҳ устозларни Саудия Арабистонига, Маккаи Мукаррамадаги Уммул-Қуро дорилфунунининг шариат куллиётига юборди. Шайх Собуний бу илм даргоҳида 28 йил дарс бердилар. Ушбу кўп йиллик илмий фаолият давомида у кишининг қўлларида университетнинг ҳозирги кунда фаолият олиб бораётган кўплаб катта устозлари битириб чиқишди.

Уммул-Қуро дорилфунуни раҳбарияти шайх Собунийдаги илмий тадқиқотларга, китоб таълиф этишга рағбатни кўриб, қўлёзмаларни тадқиқ этиш вазифасини юклади. Шу тариқа шайх Собуний дунёда ягона, иккинчи нусхаси топилмайдиган ўта нодир қўлёзмани – имом Абу Жаъфар Наҳҳос қаламига мансуб «Маъонил-Қуръон» номли тафсирни мукаммал тарзда тадқиқ қилиб, олти жузлик китоб таълиф этдилар. Бу китоб Уммул-Қуро дорилфунуни қошидаги илмий тадқиқотлар ҳамда исломий меросни тирилтириш марказида чоп қилинди.

Шайх Алий Собуний илмий-педагогик фаолият билан бир қаторда Ислом олами робитаси қошидаги «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» ҳайъатида маслаҳатчи вазифасида ҳам хизмат қилдилар, кенг кўламли таълиф ва илмий тадқиқот фаолиятини бошлашдан олдин бир неча йил шу вазифада қоим бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Алий Собуний шаръий илмлар ва араб тилига оид кўплаб китоблар таълиф этган бўлиб, бу китоблар турк, инглиз, француз ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган. Бу кишининг фиқҳ, ҳадис, мерос ва бошқа илмларга оид қирққа яқин китоблари чоп этилган ва кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлган. Олимнинг тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмларга оид кўплаб асарлари машҳурдир. Хусусан, «Сафватут-тафосир», «Роваъиул-байаан фий тафсири аятил-аҳкам», «Тафсирул-возиҳил-муяссар», «Мухтасари тафсири Ибн Касир» номли асарлари бутун дунёда кенг тарқалган.

Шайх Собуний кенг кўламли илмий-амалий фаолият олиб бордилар. Дорилфунундаги дарслар ва китоб таълифи билан бир пайтда Маккаи Мукаррамада, Масжидул-Ҳаромда кундалик дарслар бериб, ҳаж мавсумида фатво бериш билан ҳам шуғулланганлар. Шунингдек, Жидда масжидларнинг бирида ҳафтада бир кун тафсирдан дарс берганлар. Бу дарс саккиз йилдан буён давом этиб, бугунги кунгача Қуръоннинг салкам учдан икки қисми тамомланди. Бу дарслар магнит тасмаларга ёзиб борилмоқда. Бундан ташқари, шайх Собунийнинг мукаммал тафсирлари асосида 600 қисмдан иборат туркум кўрсатувлар тайёрланиб, икки йил давомида эфирга узатилиб, ҳижрий 1419 (милодий 1999) йилда ниҳоясига етди.

Шайх Муҳаммад Алий Собуний 2007 йилда Дубай Қуръон мусобақасининг «Йилнинг исломий шахси» мукофотига сазовор бўлганлар.

Камина ходимингиз шайх Муҳаммад Алий Собуний билан дастлаб у кишининг китоблари орқали танишишга муясссар бўлган. Кейин шайхнинг «Роваъиул-байаан фий тафсири аятил-аҳкам» номли китобини Тошкент Ислом маъҳади ўқув режасига киритиб, биринчи бўлиб шу китобдан дарс беришга мушарраф бўлган. Кейинчалик Аллоҳ таоло насиб этиб, у зот билан Маккаи Мукаррамада танишиб, яқин дўст бўлиб кетдик. Шайх Собуний ўз китобининг Тошкент Ислом маъҳадида дарслик сифатида ўқитилганидан хурсанд бўлиб, бу иш айнан Тошкентда илк бор бошланганини таъкидлаганлар.

Шайх Муҳаммад Алий Собуний ҳар куни шом намозидан олдин Каъбаи Муаззаманинг жанубий тарафига жойлашиб, Қуръон тиловат қилиб ўтиришга, хуфтон намозидан кейин уйга қайтишга одатланганлар.

Шайх Муҳаммад Алий Собуний ёзни Туркиянинг Ялова деган жойидаги масканларида ўтказадилар. Ўша ердаги масжидда жума хутбасини қиладилар, намозларга имомлик қиладилар, хутбалари туркчага таржима қилиб турилади.

Аллоҳ бу зотни ҳифзу ҳимоясида сақласин.

 

Азизлар, қўлингиздаги китоб – шайх Муҳаммад Алий Собунийнинг «Мерослар» номли китоби бўлиб, у кишининг жуда машҳур китобларидан биридир. Китобнинг араб тилидаги тўлиқ номи «Ал-Маворис фиш-шариатил исламия фий зовъил китаби вас-сунна»дир. Уни ўзбек тилига «Ислом шариати бўйича Қуръон ва суннат ёғдусидаги мерос илми» деб таржима қилиш мумкин. Китобнинг ҳажми кичик бўлса ҳам, унда улкан илм бўлмиш мерос илми осон йўл билан баён қилинган. Муаллиф китобда жуда осон, тушунарли услубни қўллаганлар, мерос бўйича шариат ҳукмларини, тўрт мўътараф фиқҳий мазҳаблар иттифоқ қилган масалаларни Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида баён қилганлар, мазҳабларнинг ижтиҳодида фарқ бўлса, алоҳида кўрсатиб ўтганлар.

Узоқ вақт дарс бериш тажрибаси шайх Муҳаммад Алий Собунийнинг китобларида ҳам сезилиб туради. У киши зеҳнга шу қадар яқин, осон услубни қўллаганларки, ёзган ҳар бир мисралари ўқувчини ўзига жалб қилиб туради.

Муаллиф ушбу китобда мавзуларни «боб» деб эмас, «маъруза» деб атаганлар, ҳар бир масалани мисоллар билан тушунтирганлар, орада мулоҳаза ва танбеҳлар ҳам бериб кетганлар. Масалаларни яна ҳам равшанроқ тушунтириш мақсадида турли жадваллар ҳам келтирганлар.

Шунингдек, муаллиф ўқувчининг олган билимини ўзи текшириб кўриши учун машқлар ҳам тақдим қилганлар; мерос илмига оид машҳур, қизиқарли масалаларни алоҳида аҳамият билан ёритганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қўлингиздаги китоб кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлган илмий асардир. Бугунги кунда замонамизнинг кўзга кўринган олимларидан бирининг машҳур асарини ўз халқимизга она тилимизда тақдим этаётганимиздан ғоятда мамнунмиз.

Аллоҳ таоло бу камтарона ишни ҳусни қабул қилсин ва барчамиз учун манфаатли бўлишини насиб этсин! Омин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Тошкент, 07.04.2012

Мундарижа

Таржимондан
Муқаддима
Маърузалар режаси 

Биринчи маъруза
 

Мерос оятлари (мерос оятларидаги
дақиқ зарурий ҳукмлар)
Мерос оятлари ҳақидаги саволлар
Исломдан олдинги даврда аёл кишининг мероси
Мерос оятларининг нозил бўлиш сабаби
Мерос оятларидан олинадиган фойдалар
Қарз васиятдан авлодир

 Иккинчи маъруза 
Исломда мерос низоми
Мероснинг таърифи
Мероснинг турлари
Мероснинг шартлари
Меросни ман қилувчи нарсалар
Мерос оладиган эркаклар
Мерос оладиган аёллар 

Учинчи маъруза
 
Қуръони каримда белгиланган улушлар
Қуръонда белгиланган фарз улушлар
Яримга ҳақдорлар
Тўртдан бирга ҳақдорлар
Саккиздан бирга ҳақдорлар
Учдан иккига ҳақдорлар
Учдан бирга ҳақдорлар
Икки умария масаласи
Олтидан бирга ҳақдорлар

Тўртинчи маъруза 
Асабалар ва уларнинг турлари

Асаба
Насабий асабанинг турлари

 Бешинчи маъруза 
Меросдан тўсилиш (ҳажб)
Муштарак масаласи
Фуқаҳоларнинг ихтилофи

 Олтинчи маъруза 
Бобонинг ака-укалар билан
бирга бўлгандаги мероси
Бобонинг ака-ука ва опа-сингиллар
билан бирга бўлгандаги мероси
Фуқаролик кодекси
Акдария масаласи

 
Еттинчи маъруза 
Авл ва радд ҳукмлари 
Авлнинг луғавий ва истилоҳий таърифи

Радднинг таърифи

 Саккизинчи маъруза 
Ҳисоб ва масалаларни тўғрилаш
Масалаларни тўғрилаш (тамосул, тадохул, тавофуқ, табоюн)
Тарика тақсимлашни билиш
Машқлар

 Тўққизинчи маъруза 
Муносахотларнинг ҳукмлари
Тарикадан тахоруж қилиш
Машқлар

 Ўнинчи маъруза 
Завул-арҳомнинг мероси
Хунасанинг мерос олиши
Ҳомиланинг мероси
Мафқуднинг (йўқолган кишининг) мероси
Хотима




Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Ислом шариатида мерос илми»
40,000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 3794
  • Вазни: 0.45кг
Сотилган сони: 494
Кўрилган сони: 28347
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.