Menu
Your Cart

«Таълим ва тарбия»

«Таълим ва тарбия»
«Таълим ва тарбия»
Янги
«Таълим ва тарбия»
«Таълим ва тарбия»
«Таълим ва тарбия»

«Қиблагоҳим ёшлигимда менга насиҳат қилиб, «Ўғлим, умрингизни фақат илм ўрганишга бағишланг, молу дунёга умуман қизиқманг. Агар сиз фақат илм ўрганиб юраверсангиз, молу дунё ўзи сизни ортингиздан қувиб юради. Агар ҳозир молу дунёга қизиқиб, унинг ортидан қувсангиз, умрингизнинг охиригача молу дунёнинг кетидан сиз қувасиз, лекин ҳеч қачон унга ета олмайсиз», деган эдилар».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Муаллиф: Исҳоқжон Муҳаммаджон ўғли
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2021 йил (2018)
Ҳажми: 568 бет
ISBN: 978-9943-7546-3-8
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқоваси: қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йилдаги 03-07/5582-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.


Муқаддима

Одам фарзандларини илм ўрганиш ва унга амал қилиш билан жамики мавжудотдан фазилатли қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Араб ва ажамларнинг саййиди Муҳаммад Мустафога салавоту дурудлар ёғилсин ва у зотнинг аҳли байтлари, асҳоби киромларига Аллоҳнинг саломи бўлсин.
Аллоҳ таолонинг изни ва инояти ила қўлингиздаги мўъжазгина китоб дунёга келди. Аллоҳ таоло уни толиби илмларга манзур ҳамроҳлардан қилишини умид қиламиз. Мазкур китобда толиби илмлар учун турли фанлар юзасидан зарур илмларга эга бўлишлари ва шу билан бирга, тарбия олишлари тўғрисидаги маълумотлар берилгандир. Шунинг учун уни «Таълим ва тарбия» деб номладик. Зотан, таълим ва тарбия борасидаги маълумотларни бир-биридан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Бу иккиси бир жасаддаги бел ва қорин кабидир. Бири иккинчисисиз ҳеч нарсага ярамайди, балки ноқис ва мажруҳ бўлади. Бунинг исботи ва натижасини эса воқеликда ҳар қадамда учратиш мумкин. Шунинг учун ҳам дунё миқёсида инсониятнинг, хусусан, ёшларнинг тарбияси бузилиб кетаётгани тўғрисида тез-тез ташвишли хабарлар тарқатилади ва бу борада одамни даҳшатга соладиган рақамлар тақдим қилинади. Ваҳоланки, дунё мисолида оладиган бўлсак, XX-XXI асрларда аввалги асрлардагига нисбатан саводсизликка қарши кескинроқ чоралар кўрилди, таълим тизими кучайтирилиб, такомиллаштирилди. Умумий таълим кириб бормаган юрт деярли қолмади. Ҳаттоки баъзи мамлакатлар аҳолиси илм-фан бўйича инсон кўзи кўрмаган, қулоғи эшитмаган ютуқ ва тараққиётларни қўлга киритди. Лекин асосий кўзланган мақсадга эришилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам илм-фан ривожланган мамлакатларда тарбиясизлик, ахлоқсизлик, маънавиятсизлик, ориятсизлик, маданиятсизлик ва ҳаттоки инсон зотига мутлақо тўғри келмайдиган иллатлар кундан-кунга кенг кўламда ёйилиб боряпти. Албатта, бунинг сабаблари кўп. Шулардан бири ва энг асосийси «тарбия» деган буюк бир неъматдан, масъулият ва вазифадан юз ўгирилишидир.
Воқеликдан келиб чиқиб айта оламизки, фақат таълимнинг ўзи инсониятнинг ҳар тарафлама етук ва комил бўлишига кифоя қилмайди. Яъни инсон тарбиясиз бўлса, ўзи эга бўлган таълимидан эзгу йўлда эмас, балки ёвузлик ва жиноят йўлида фойдаланиши мумкин. Шунинг учун ҳам бизнинг шариатимизда ҳеч қайси фан тарбиядан айри ҳолда ўргатилмаган. Мисол учун, тафсир, ақоид, ҳадис, фиқҳ, мантиқ, балоғат, тарих, ҳаттоки араб тили дарслиги ҳам доимий ҳолда оят ва ҳадисларда келган тарбиявий маълумотлар билан бойитилган. Ижтимоий ва аниқ фанлар учун мўлжалланган дарсликлар ҳам албатта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган далиллар ва ҳужжатлар билан қувватланган. Масалан, математика, физика, кимё, география, биология, зоология ва ҳоказо, барча фанлардаги маълумотлар, албатта, шариат манбалари бўлмиш Қуръон ва ҳадисга боғлаш ва улардан далиллар олиш ва буюк алломаларнинг ҳаётларидан тарбияга оид мисолларни келтириш билан қувватланган. Шунинг учун ҳам мадрасаларда тарбия, ахлоқ-одоб, маданият ва маънавиятга тегишли алоҳида фан ва дарслик бўлмаган, балки бунга эҳтиёж ҳам қолмаган. Чунки ҳар қандай фан ва ушбу фандан таълим бераётган устоз тарбиявий жиҳатдан қониқарли, балки аъло даражада бўлган. Мазкур мулоҳазаларни эътиборга олиб, фақатгина таълим тўғрисида эмас, балки унинг ажралмас қисми бўлмиш тарбия тўғрисида ҳам имкон қадар маълумотлар келтирилди.
Ушбу китобда қалб ва унга тегишли бўлган ижобий ва салбий ҳолатлар тўғрисида, қолаверса, қалбга бўладиган ташқи ва ички таъсирлар, ҳужумлар, тажовузлар ва яна бошқа нарсалар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Бунинг боиси шуки, қалб барча маълумотлар, хусусан, илм-маърифат, ахлоқ-одоб, таълим ва тарбиянинг маконидир. Шунинг учун ҳам қалбни турли иллатлардан тозаламасдан туриб, гўзал фазилатларга эришиб бўлмайди. Ушбу китобда бунинг ҳам йўл-йўриғи ва баъзи бир услублари ёритилган.
Баъзи устозларнинг ўзлари бераётган таълимотлардан кўнгиллари хотиржам эмаслиги, қандайдир сохталик, кўзбўямачилик ва ҳоказолар тўғрисида қайғураётганлари ҳам эътиборга олиниб, бу нарсаларнинг муолажаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Баъзи талабалар ўзларининг олдига қўйган мақсадларига эриша олмаётганликлари ва бунинг сабабларини аниқ билмасликлари тўғрисида шикоят қиладилар. Иншааллоҳ, ушбу китобда бақадри имкон талабаларда учраб турадиган мазкур иллатлар ва уларнинг сабаб ҳамда муолажалари тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Нима учундир, охирги пайтларда устозлар билан шогирдлар ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро руҳий боғлиқлик кўнгилдагидек эмаслиги тўғрисида шикоятлар кўп. Албатта, бу соҳада устозлар ота-оналарни ёки талабаларни айблайдилар. Ўз ўрнида ота-она ва талабалар устозларни ҳар хил айблар билан қоралайдилар. Ушбу китобда эса мазкур иллатнинг муолажаси тўғрисида ҳам маълумотлар келтирилган.
Илмнинг кушандаси бўлмиш иллатлар, жиноят ва гуноҳ-маъсиятлар ҳамда илм ҳосил қилиш учун ёрдам берадиган восита ва омиллар, бу борада талабага кўмакчи бўладиган ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб турувчи ота-оналар ва устоз-мураббийлар хизматларининг аҳамияти тўғрисидаги маълумотлар ҳам келтирилган.
Китобнинг бошида эса илм, муаллим ва мутааллимнинг фазли тўғрисидаги маълумотлар, бу борада ниятнинг нечоғлик аҳамиятга эга эканлиги, илмнинг қисмлари ва ҳукмлари, ҳаттоки ўрганиш ман этилган баъзи бир илмлар хусусида, қолаверса, таълим олиш жараёнидаги ҳамроҳлар ва уларнинг таъсири тўғрисида, бундан ташқари, бошқа машғулотларнинг талабага таъсири тўғрисидаги маълумотлар ҳам келтирилган.
Ушбу китобнинг ёзилишида ўзига яраша сабаблар ҳам бор. 2004 йилда «Илм олиш одоблари» деб номланган китобим нашр қилинган эди. Бу китоб бир рисола кўринишида бўлса-да, қисқа вақт ичида ўзига яраша ўқувчиларни топиб улгурган экан. Охирги йилларда мазкур рисола тўғрисида фикр билдирадиганлар, ҳаттоки миннатдорчилик изҳор этадиганлар кўпайиб қолди, шунинг билан бирга, ушбу рисолани яна қайтадан нашр қилиш тўғрисидаги таклифлар ҳам бўлди. Тўғрисини айтсам, мен мазкур рисолага бўлган қизиқиш бу даражада жиддий тус олишини, унинг берилиб мутолаа қилинишини, ҳаттоки ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлиб кетишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Вилоятлардан бирига сафарга чиққанимизда биз меҳмон бўлган хонадон эгаси қўлида китоб билан ўзининг мактаб ёшидаги ўғилчасини етаклаб чиқиб, «Ўғлим, сен ўқиётган мана бу китобни ёзган одам шу киши бўладилар», деб мени таништирдилар. Шундан сўнг у киши ҳам китоб тўғрисидаги ўзларининг баъзи таклиф ва мулоҳазаларини айтдилар. Шунга ўхшаш фикрлар натижасида мазкур рисолани қайтадан кўриб чиқиш, маълумотларни янгилаб, такомиллаштириб, каттароқ бир китоб ёзиш режаларини тузиб турган пайтимизда бошимизга катта мусибат тушди. Биз устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан айрилиб қолдик. Ўшанда мазкур китобнинг нашр этилганига ўн йилдан кўпроқ вақт ўтган эди. Албатта, бу муддат ичида ўзимизнинг шахсий илмий савиямизда ҳам салмоқли ўзгаришлар бўлди. Шу йиллар мобайнида марҳум устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан динимизнинг деярли барча йўналишлари бўйича таҳсил олиш билан бирга, ҳаётий, илмий тажрибам ва малакамни ҳам имкон қадар оширишга муваффақ бўлдим. Бу йиллар давомида ҳар бир инсоннинг ҳаётида ҳақиқий, чин маънодаги устознинг тутган ўрни ва аҳамияти қанчалик эканини бир оз бўлса-да, тушуниб етдим. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимни айтаман, сабаби, мендек ожиз бир бандасини замонамизнинг энг буюк алломаси, фақиҳи, муфассири, муҳаддиси, мутасаввифи ва машойихи бўлмиш Шайх ҳазратларидек устоздан таълим ва тарбия олиш бахтига муваффақ қилди. Тақдири илоҳийга мувофиқ устозимиз 63 ёшларида (1952 – 2015 йй.) бу фоний дунёдан боқий дунё бўлмиш охиратга риҳлат қилар эканлар, бу мусибат менга ниҳоятда қаттиқ таъсир қилди. Бу айрилиқ ва фироқ ҳаётимдаги энг катта айрилиқ эди, десам муболаға бўлмайди. Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни, ҳаттоки мусибатни ҳам беҳикмат қилмайди. Умид қиламизки, бу йўқотишимиз ва мусибатларимиз остида ҳам Аллоҳнинг Ўзигагина маълум бўлган ҳикматлар бор.
Мусибатдан бир неча кунлар ўтганидан сўнг ушбу китобим қўлимга тушиб қолди. Китобни ўқиш асносида ундаги маълумотларни устозимиз Шайх ҳазратлари ҳузурида ҳосил қилган илм ва тажрибаларимиз билан янада бойитиш фикри уйғонди. Қолаверса, Шайх ҳазратларидек буюк устоздан дарс олиш, тажриба орттириш бахтига ҳамма ҳам муяссар бўлавермаган. Шундан келиб чиқиб, устозимиздан қабул қилиб олган илмий меросларни баҳоли қудрат бошқалар билан, хусусан, толиби илмлар ва уларга хайрихоҳ бўлганлар билан баҳам кўриш фикри уйғонди. Шунинг учун ҳам китобнинг бу нашрида устозимиз Шайх ҳазратлари билан бўлиб ўтган бир қанча ибратли ва манфаатли воқеаларни ҳам келтириб ўтишга ҳаракат қилдим, толиби илмларга у зотнинг панду насиҳатлари ва ўгитларини тақдим этишни лозим деб топдим.
Мавзуларни ёритишда аввало шариатнинг бош масдари бўлмиш Қуръони Каримнинг ояти карималаридан далиллар келтирилди. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан мавзуга тааллуқли ҳужжатлар тақдим этилди. Кейинги ўринда салафи солиҳларимизнинг ҳикматли сўзлари ҳамда мутааххир уламо ва машойихларимизнинг бебаҳо дурдоналаридан маълумотлар келтирилди. Ўқиш ва тушуниш осон бўлиши учун мазкур манбалардан келтирилган маълумотлар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида-алоҳида келтириб ўтилди. Китобнинг баъзи ўринларида устозим Шайх ҳазратларининг мазкур мавзуга мувофиқ бўлган қимматли фикрлари ва тавсияларидан ҳам имкон қадар келтиришга ҳаракат қилинди.
Китобда учрайдиган барча хато ва нуқсонларни камина тарафидан, ютуқларни эса Аллоҳ таоло томонидан деб билгайсиз.
Сиз азиз ўқувчилардан аввало устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг, қолаверса, ота-онам ва ўзимнинг ҳам ҳаққимга дуода бўлишларингизни умид қиламан.
Аллоҳ таоло барчамизга манфаатли илм берсин ҳамда бизни Ўзининг севикли Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий меросхўрлардан қилсин, ҳар бир шогирдни устозининг дуосига мустаҳиқ айласин ва ҳар бир устозни ўз шогирдининг эҳтиромига лойиқ айласин. Омин!

Мундарижа

Муқаддима
Илм, муаллим ва мутааллимнинг фазилати
Динда фиқҳ ва фақиҳлар фазли
Баъзи саҳобаларнинг ўзларидаги илму маърифат сабабли қандай фазилатларга эга бўлганликлари тўғрисида
Абу бакр розияллоҳу анҳунинг фазллари ва илм
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фазллари ва илм
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фазллари ва илм
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг фазллари ва илм
Салафи солиҳларимизнинг илм ҳақида айтган сўзлари
Илмни етказиш вожиблиги ва уни тарқатишнинг фазли ҳақида
Илмнинг асари абадий қолажак
Илмнинг қисмлари ва ҳукмлари
Шаръан ман этилган илмлар
Илм талаб қилиш одоблари
Ғазаб
Шаҳват
Ҳасад
Мол-дунёга бўлган муҳаббат
Ҳирс ва тамагирлик
Ҳирс ва тамагирликнинг давоси
Тил офатлари
Кўп кулишнинг зарари
Илмни қувватловчи фазилатлар
Ихлос ҳақидаги ривоят ва ҳикоялар 
Илм талаб қилишда кам гапиришнинг аҳамияти
Илм талаб қилишда кам ейиш
Илм талаб қилишда кам ухлашнинг фойдаси
Илм талаб қилишда устозларни эъзозлашнинг аҳамияти
Фарзандларнинг илмли ва тарбияли бўлишида ота-онанинг хизматлари
Илмни ҳақиқий мутахассис, одобли ва етук олимлардан олиш
Таълим учун ҳақ олиш
Фойдаланилган адабиётлар

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Таълим ва тарбия»
53,000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 1763
  • Вазни: 0.78кг
  • ISBN: 9789943754638
Сотилган сони: 157
Кўрилган сони: 21509
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.